Ўзбекистонда ярим йилда энг кўп қайси автомобиль модели сотилди?

2026 йилнинг январь–июнь ойлари якунларига кўра, Ўзбекистонда жами 175 минг 374 та автомобил ишлаб чиқарилиб, сотилди. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» томонидан эълон қилинган расмий статистик маълумотларда қайд этилди. Ҳисоботга кўра, мамлакат автомобил бозорида энг катта улушни анъанавий равишда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар эгаллаган.
Маълумотларга кўра, энг юқори кўрсаткич «UzAuto Motors» ҳиссасига тўғри келган. Компания ҳисобот давомида 81 минг 210 та автомобил сотишга муваффақ бўлди. Иккинчи ўринни 54 минг 862 та автомобил билан «Khorezm Auto» эгаллади. Кейинги поғоналардан «ADM Jizzakh» — 21 минг 743 та, «BYD Uzbekistan Factory» — 17 минг 12 та, «Самарқанд автомобил заводи» — 397 та ва «Asaka Motors» — 150 та автомобил билан жой олган.
Инфографикага кўра, умумий сотувлар таркибида «UzAuto Motors»нинг улуши 46,3 фоизни ташкил этган. «Khorezm Auto» 31,3 фоиз билан иккинчи ўринда қайд этилган бўлса, «ADM Jizzakh» 12,4 фоиз, «BYD Uzbekistan Factory» эса 9,7 фоиз улушга эга бўлган.
Брендлар кесимида эса мутлақ етакчиликни «Chevrolet» сақлаб қолди. Ҳисобот давомида мазкур бренднинг 136 минг 72 та автомобили сотилди. Ундан кейинги ўринларда «BYD» — 17 минг 10 та, «Kia» — 12 минг 286 та, «Chery» — 4 минг 820 та ва «Haval» — 4 минг 402 та автомобил билан қайд этилди.
Автомобиллар сегментлари бўйича таҳлил қилинганда, «Sedan-B» тоифаси энг катта улушни эгаллаган бўлиб, умумий сотувларнинг 34,5 фоизи айнан шу турдаги моделларга тўғри келган. Шунингдек, «LCV» сегменти 31,4 фоиз, «SUV-B» 22 фоиз, «SUV-C» 7 фоиз, «Sedan-C» 3 фоиз ҳамда «Sedan-D» 1,1 фоизни ташкил этган.
Моделлар кесимида энг кўп харид қилинган автомобил «Cobalt» бўлди. Унинг сотуви ярим йил давомида 40 минг 936 донани ташкил этди. Кейинги ўринларда «Damas» — 34 минг 286 та, «Tracker» — 20 минг 274 та, «Labo» — 19 минг 723 та ва «Onix» — 19 минг 595 та автомобил жой олди.
Шунингдек, энг оммабоп моделлар қаторига «Kia Sonet» (9 653 дона), «BYD Song Plus DM-i» (5 630 дона), «BYD Yuan-Up» (4 277 дона), «Chazor Champion» (3 771 дона) ҳамда «Haval M6» (2 095 дона) ҳам кирди. Ушбу рақамлар 2026 йилнинг биринчи ярмида маҳаллий автомобил бозорида қайси бренд ва моделларга талаб юқори бўлганини яна бир бор намоён этди.






























Изоҳлар 0
…