12:12 / 22.05.2023
696

"Шимолий оқим"даги портлашлар: Германия ОАВ янги маълумотларни аниқлади

"Шимолий оқим"даги портлашлар: Германия ОАВ янги маълумотларни аниқлади

Фото: Danish Defense Ministry/Xinhua/picture alliance

"Шимолий оқим" ва "Шимолий оқим 2" газ қувурларидаги портлашлар ишида Украинага олиб борувчи янги излар пайдо бўлди. Бу ҳақда Германиянинг NDR ва WDR оммавий ахборот воситалари ҳамда Süddeutsche Zeitung газетаси томонидан Швециянинг Expressen газетаси, Полшанинг Frontstory онлайн-журнали ва Даниянинг Berlingske газетаси иштирокида ўтказилган журналистик текширувда айтилади. Ушбу ишнинг асосий хулосалари 21 май, якшанба куни кечқурун Германиянинг Tagesschau ахборот дастури веб-сайтида эълон қилинди.

Журналистларнинг диққат марказида 15 метрлик Andromeda яхтаси бўлди, Германиянинг ARD телеканали ва Die Zeit газетаси унинг март ойида "Шимолий оқим"даги портлашларга алоқадорлиги ҳақида хабар беришди. Ўшанда ушбу оммавий ахборот воситалари ёзганидек, беш эркак ва бир аёл ушбу кичик елканли яхтада 2022 йил сентябр ойи бошида Германиянинг Росток шаҳри портидан денгизга чиқишган. Қайд этилишича, кема украиналикларга тегишли Полша компанияси томонидан ижарага олинган.

NDR ва WDR ҳамда Süddeutsche Zeitung газетаси томонидан олинган янги маълумотларга кўра, ушбу Полша фирмаси Варшавада жойлашган сайёҳлик агентлигидир. Суриштирувга кўра, ушбу компания манзилида юздан ортиқ бошқа фирмалар рўйхатдан ўтган. Журналистлар сайёҳлик агентлигининг рўйхатдан ўтганини тасдиқлаган, бироқ унда унинг эгаларининг телефон рақами йўқлигини айтган аёл билан жойида суҳбатлашганидан сўнг, уларда бу сохта компания деган таассурот пайдо бўлди. Ҳужжатларга кўра, бир неча йиллар давомида бу компания сезиларли айланмага эга бўлмаган. Аммо 2020 йилда унинг ҳисоб рақамларига 2,8 миллион евро тушган. Бундай юқори даромадга нима сабаб бўлганини аниқлашнинг иложи бўлмади.

Суриштирувда айтилишича, компания раҳбари сифатида қайд этилган аёл Киевда яшайди. Шу билан бирга, унинг номи яна иккита фирма билан боғлиқ бўлиб, журналистларнинг хулосасига кўра, у шунчаки номига раҳбар бўлиши мумкин. Телефон орқали аёл сайёҳлик агентлиги раҳбари эканлигини тасдиқлади, бироқ гўшакни қўйиб қўйди ва қўнғироқларга бошқа жавоб бермади.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг