Финляндиялик денгизчи қуёш энергиясида ишлайдиган яхта ясаб, Ибизагача сузиб борди

Финляндиялик денгизчи қуёш энергиясида ишлайдиган яхта ясаб, Ибизагача сузиб борди

Финляндиялик денгизчи Лукас Сьёман омборхонада узунлиги 11 метр бўлган, қуёш энергиясида ҳаракатланадиган яхта ясади. У кемани тахминан 200 кун давомида мустақил равишда қурган. Helios 11 деб номланган яхта денгиз фанераси ва шиша толали пластикдан тайёрланган бўлиб, оғирлиги тахминан 1,5 тоннани ташкил қилади. Бу ҳақда Лайфхакер хабар берди.

Кеманинг енгил конструкцияси ва қуёш энергияси тизими унга ёнилғи қуймасдан Ибизагача етиб бориш имконини берган.

Яхтанинг том қисмига қуёш панеллари ўрнатилган. Улар 48 вольтли аккумулятор тизимини қувватлантиради. Об-ҳаво очиқ бўлган пайтда панеллар соатига 6 киловаттгача энергия ишлаб чиқаради. Қуёш етарли бўлмаган вақтларда эса кема олдиндан тўпланган энергия захирасидан фойдаланади.

Яхтада электр плита ва кичик музлаткич ҳам бор бўлиб, улар ҳам аккумуляторлар орқали ишлайди. Бундан ташқари, қулай шамол бўлганда ҳаракатланиш ва электр энергиясини тежаш учун ёрдамчи елкан ҳам ўрнатилган.

Лукас Сьёман ва унинг ҳамроҳи Финляндиядан йўлга чиқиб, Швеция, Дания, Германия ва Франция орқали Испанияга борган. Сафар давомида яхта каналлар ва очиқ сув ҳудудларидан ўтиб, турли шароитларда синовдан ўтган.

Сафар пайтида бир қатор нохуш ҳолатлар ҳам содир бўлган. Испаниянинг шаҳарларидан бирида экипажнинг пуфланадиган қайиғи ўғирланган. Тайёр қайиқ топилмагани учун улар қўлларидаги материаллардан фойдаланиб, унинг ўрнига бошқа қайиқ ясашга мажбур бўлган.

Кейинроқ эса кимдир кўприкдан Helios 11 яхтасининг қуёш панелларига тош отган. Шунга қарамай, панеллар зарар кўрмаган ва энергия ишлаб чиқаришда давом этган.

GreenMe маълумотига кўра, яхтанинг умумий босиб ўтган масофаси тахминан 5 700 километрни ташкил этган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар