Рамзан Қодировнинг ўғли Адам Қодиров “Чеченистон Қаҳрамони” бўлди. Бу ҳақда Россия Давлат думаси депутати Адам Делимханов ўзининг Telegram канали орқали маълум қилди.
Сентябр охирларида Адам Қодиров Қуръонни ёқишда айбланаётган Никита Журавелни ургани акс этган видео тарқалганди. Ўшанда Чеченистон раҳбари ўғлининг ҳаракатини маъқуллаганини айтган.
“Қадрдон жиянимни катта мамнуният билан қутлайман… Адам Рамзанович Қодировга Чеченистон Рспубликасининг олий мукофоти — ‘Чеченистон Қаҳрамони’ унвони топширилди. У ёшлигидан лидерлик ва ташкилотчилик қобилиятларини намоён этиб келмоқда, доим шахсий ривожланиш устида ишлайди ва ҳеч қачон вақтини беҳуда сарфламайди”, — деб ёзади Делимханов.
“Чеченистон Қаҳрамони” унвони қаҳрамонлик кўрсатиш билан боғлиқ минтақа ва республика халқи олдидаги улкан хизматлари учун берилади. Мукофотни олганлар қатор имтиёзларга ҳам эга.
Адам Қодировнинг ютуқлари
Адам 15 ёшда. Делимхановнинг сўзларига кўра, кичкина Қодиров ҳофизи Қуръон ҳисобланади. Бундан ташқари у турли фанларни яхши ўқийди, тарихга, тил ўрганиш ва адабиётга қизиқади. Тактик ўқ отиш бўйича 10-очиқ чемпионатда у биринчиликни қўлга киритган.
Бир неча кун олдин Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг қизи Айшат Қодирова бош вазирнинг ижтимоий блок бўйича ўринбосари этиб тайинлангани тўғрисида хабар берилганди.
Рамзан Қодиров, Адам Қодиров, Чеченистон Қаҳрамони “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг