22:22 / 21.02.2024
233

Навалний қаерда? Унинг жасадини қарийб бир ҳафтадан буён яқинларига беришмаяпти

Навалний қаерда? Унинг жасадини қарийб бир ҳафтадан буён яқинларига беришмаяпти
Фото: Sergei Gapon / AFP / Scanpix / LETA
Россия мухолифати етакчиси Алесей Навалний 16 феврал куни Сибирдаги Ямало-Ненец автоном округи Харп қишлоғидаги 3-қамоқхонада вафот этганди. Сиёсатчининг яқинлари ўша кундан буён унинг жасадини ололмаяпти. Натижада Навалний қасддан ўлдирилган деган гаплар тобора кўпаймоқда.

Қамоқхонадан чиққан шубҳали колонна

Навалний вафотининг эртасига мустақил рус нашрлари у вафот этган Харп қишлоғидаги қамоқхонада ноодатий кортеж ҳаракати акс этган видеоларни эълон қилди.

«Медиазона» нашри эълон қилган видео тунда олинган. Унда битта енгил ва битта «Буханка» (ундан айнан жасадларни ташишда фойдаланиш мумкин) олди ва орқа томонида ЙПХ машинаси ҳамроҳлигида ҳаракатлангани кўринади. Журналистлар кадрда кўринган трасса Салехарддан қамоқхона жойлашган Харп қишлоғига борадиган ягона йўл эканига эътибор қаратган.

Машиналар Лабитнангидан Салехардга қараб ҳаракатланган. Иккинчи камера Салехардда ҳам худди шу 4 машина биргаликда колонна бўлиб ҳаракатланганини тасвирга олган. Бу шаҳарда эса Навалний вафот этган қамоқхонага энг яқин бўлган ўликхона жойлашган. «Медиазона» журналистлари 17 февралга ўтар кечаси тасвирга тушиб қолган ушбу машиналар айнан Навалнийнинг жасадини Салехарддаги ўликхонага олиб кетганига шубҳа қилмаган.

«Кортеж 17 февралга ўтар кечаси, Навалнийнинг адвокати ва онаси қамоқхонага боришидан аввал кадрга тушган», дейилади хабарда. 17 феврал тонгда чиндан Россия мухолифати етакчисининг онаси Людмила Навалная олис Сибирдаги қамоқхонага етиб борган. Унга ўғлининг жасадини кўрсатишмаган, уни дафн этиш учун ҳам беришмаган, фақат ўлим ҳақида гувоҳномани тутқазишган, холос.

Навалний 2023 йил декабрдан буён сақланган Харпдаги қамоқхона
Reuters / Scanpix / LETA

«Ўғлимни одамдай дафн қилишимга қўйинг»

Алексей Навалнийнинг онаси Людмила Навалная фарзандининг жасадини бераверишмагач, 20 феврал куни Россия президенти Путинга мурожаат қилиб, ўғлининг жасадини беришларини сўради.

«Бешинчи кунки ўғлимни кўра олмаяпман, унинг жасадини беришмаяпти. У қаерда эканини ҳам айтишгани йўқ. Владимир Путин, мен сизга мурожаат қилмоқчиман: барчаси сизнинг қарорингизга боғлиқ, ўғлимни кўришга беринг ахир. Уни одамдай дафн этишим учун тезда жасадини беришларини талаб қиламан», деган мухолифатчининг онаси.

Людмила Навалная ўғлининг жасадини беришмаётгани сабаб судга мурожаат қилганди. Салехард шаҳар судига кўра, ушбу ариза бўйича иш 4 март куни кўриб чиқилади. Суд мажлиси ёпиқ тарзда ўтказилади. 15 март куни эса Россияда президентлик сайлови ўтказилади.

Навалнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш YouTube'даги жонли эфир вақтида сиёсатчининг жасадини «кимёвий экспертиза» ўтказилиши сабаб камида 14 кун давомида беришмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда терговчи Навалнийнинг онаси ва адвокатига хабар берган.

Кира Ярмиш DW нашри билан суҳбатда Навалний жамоаси барча энг ёмон сценарийларга ҳам тайёрлигини айтиб, унинг жасади умуман берилмаслиги мумкинлигини ҳам истисно қилмаган.

Россия элчилари чақиртирилди

Мухолифатчи Алексей Навалнийнинг жасади унинг оиласига берилишини дунёдаги сиёсий ташкилотлар ҳам талаб қилмоқда. Хусусан, Европа Иттифоқи Брюсселдаги Россия вакили Кирилл Логвиновни чақиртириб, унга иттифоқ талабларини етказди. Иттифоқ Россияни Навалнийнинг ўлими сабабларини аниқлаш ва унинг жасадини оиласига беришга чақирган.

Европанинг бир қатор давлатлари эса Алексей Навалнийнинг ўлими сабаб Россия элчиларини ТИВга чақиртирган. Ҳозирча, Италия, Германия, Испания, Швеция, Франция, Полша ва Словения рус элчиларини ташқи ишлар вазирлигига чақиргани маълум.

Қамоқхонага масъулларнинг рутбаси кўтарилди

Алексей Навалнийнинг қамоқхонада ўлгани фонида Россия президенти Владимир Путин мамлакатдаги қамоқхоналар учун масъул бўлган мулозимларнинг ҳарбий даражасини ошириш бўйича фармон чиқарди.

Навалний 2023 йил декабрдан буён сақланган Харпдаги қамоқхона
Reuters / Scanpix / LETA

Хусусан, Жазони ижро этиш федерал хизмати раҳбари ўринбосари Валерий Бояринев ички хизмат генерал-полковниги унвонини олди. Бундан ташқари, Россия қамоқхоналарига масъул бўлган ташкилотнинг бошқа мансабдорлари Александр Розин, Дмитрий Шаратов ва Александр Федоровнинг ҳарбий даражаси кўтарилди.

Аввалроқ мухолифатчининг жамоаси юритадиган Telegram-каналда унинг қамоқхонадаги ҳуқуқларини чеклашда айнан Бояринев «бош-қош» бўлгани айтилганди.

Буюк Британия эса Навалний вафот этган қамоқхона раҳбариятига қарши санкциялар эълон қилди. Санкция рўйхатига Харп қишлоғидаги қамоқхона раҳбари Вадим Калинин, унинг беш нафар ўринбосари Сергей Коржов, Василий Видрин, Владимир Пилипчик, Александр Голяков ва Александр Образцов ўрин олган.

Рўйтахтдаги 6 кишига Британияга кириш тақиқланади ва уларининг Британия банкларидаги ҳисоблари (агар бўлса) музлатилади. Хабарда Британия Харпдаги қамоқхона раҳбариятига қарши санкция қўллаган илк давлат бўлгани алоҳида таъкидлаб эълон қилинган.

Россия мухолифатининг етакчи вакилларидан бири Максим Кац эса Британия ҳукуматининг бу ишини популизмга қиёслаб, кўзбўямачилик деб атади. «Россия сиёсатини тушунадиган одам учун бу латифадек гап. Худди атайин устларидан кулишларини исташаётгандек. Алло, Ямалдаги қамоқхона раҳбарияти Лондонда нима қиладики, сиз уларга киришни тақиқлаб қўясиз? Уларга ҳатто Беларусга чиқиш тақиқланган.

Навалнийнинг ўлимига ҳеч қачон Британияга бормаганларга давлатга киришни чеклаб, ҳеч қачон мавжуд бўлмаган Британиядаги ҳисобларини музлатиш орқали жавоб берасизми? Устимиздан куляпсизми? Нега европалик сиёсатчилар бўладиган ишлардан келиб чиқиб ҳаракат қилмайди деган савол пайдо бўлади. Шунчаки улар учун реаллик биз кўраётган нарсалардан фарқли.

Уларнинг наздида санкция натижага эришиш учун эмас, шунчаки ОАВ ҳамда сайловчиларга яхши кўриниш учун керак. Уларнинг наздида Британияга сафарни чеклаш – жиддий жазо. Ишончим комил, ҳозир санкцияга тушган қамоқхона раҳбарлари кулиб ўтиришган», деб ёзди Кац.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё