
Фото: EyeEm
Қозоғистон Сенати икки ўқишда «Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аёллар ҳуқуқлари ва болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни маъқуллади. Энди қонун тасдиқлаш учун президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга юборилади.
Қонун оиладаги зўравонлик ва қасддан баданга енгил шикаст етказиш учун жазони кучайтиради: энди бундай хатти-ҳаракатни содир қилганлар жиноий жавобгарликка тортилади. Жумладан, жарима, жамоат ишлари ёки 50 суткагача қамоқ. Бунгача зўравонлар фақат маъмурий жавобгарликка тортилган.
Энди жисмоний зўравонлик ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар учун жиноий процессда томонларнинг ярашувига имкон берилмайди. Шунингдек, Жиноят кодексига «Ўн олти ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан жинсий таҳқирлаш» моддаси киритилади. Қонунда ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилиш ҳам жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланган.
Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик кодексига болаларга тааллуқли қуйидаги моддалари киритилади:
- вояга етмаган боланинг хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрмаганлик учун ота-оналарнинг ёки бошқа қонуний вакилларнинг жавобгарлиги;
- вояга етмаганни қўрқитиш (безорилик, кибербуллинг) учун жавобгарлик;
- ота-онаси ва (ёки) қонуний вакили ҳамроҳлигисиз саёҳат қилаётган ўн олти ёшга тўлмаган шахсни жамоат транспортидан мажбуран тушириб юборганлик учун жавобгарлик.
Маълумотларга кўра, Қозоғистонда сўнгги тўрт ярим йил ичида оиладаги зўравонликдан 869 киши ҳалок бўлган. Оғир тан жароҳати етказиш бўйича 2086 та ҳолат қайд этилган. 2023 йилда ҳуқуқ-тартибот органларига оилавий зўравонлик бўйича 100 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Бу сўнгги беш йилга нисбатан уч баробар кўпдир. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар