21:11 / 15.04.2024
73

Тўқаев оиладаги зўравонлик тўғрисидаги қонунни имзолади

Тўқаев оиладаги зўравонлик тўғрисидаги қонунни имзолади
Фото: akorda.kz
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев оиладаги зўравонликка қарши курашга қаратилган тузатишларни имзолади. Бу ҳақда Тўқаевнинг матбуот хизматига асосланиб, Zakon.kz нашри хабар бермоқда.

Қонун аёллар ҳуқуқлари ва болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат сиёсатининг ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, институционал ва ташкилий асосларини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Нашрнинг қайд этишича, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўриниши учун жавобгарликни кучайтирувчи нормалар жорий этилмоқда.

Хусусан, қонун билан қасддан баданга енгил шикаст етказиш ва оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарликни кўзда тутади (бунгача зўравонлар фақат маъмурий жавобгарликка тортилган.). Бундай хатти-ҳаракатни содир этганларга жарима, жамоат ишлари ва қамоқ жазолари қўлланиши мумкин. Баданга енгил шикаст етказганлик учун максимал жазо — 50 кунгача, калтаклаш учун — 25 кунгача қамалиш мумкин. Қозоғистон ички ишлар вазири ўринбосари Игор Лепеханинг қайд этишича, жазога ҳукм этилганлар жазони тергов изоляторида ўтайди.

Бундан ташқари, жисмоний зўравонлик ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар, шунингдек, калтаклаш ва баданга енгил шикаст етказиш тўғрисидаги моддаларда назарда тутилган ҳаракатлар томонлар ярашган вақтдан бошлаб бир йил мобайнида такроран содир этилган ҳолатларда томонларнинг ярашувига имкон берилмайди.

Қонун билан оилавий зўравонлик қурбонлари учун махсус ижтимоий хизматлар кўрсатишга мўлжалланган оилаларни қўллаб-қувватлаш марказларини ташкил этиш назарда тутилган.

16 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан жинсий таҳқирлаш ҳолатлари учун жиноий жавобгарлик жорий қилинади, шунингдек, Қозоғистонда илк бор вояга етмаган шахсларни, жумладан интернетда таъқиб қилиш ва қўрқитиш (безорилик, кибербуллинг) учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Қонунда ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилиш ҳам жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланган.

Мажилис (парламентнинг қуйи палатаси) қонунни 28 феврал куни қабул қилган, сенат (юқори палата) тузатишларга 11 апрел куни овоз берганди.

Маълумотларга кўра, Қозоғистонда сўнгги тўрт ярим йил ичида оиладаги зўравонликдан 869 киши ҳалок бўлган. Оғир тан жароҳати етказиш бўйича 2086 та ҳолат қайд этилган. 2023 йилда ҳуқуқ-тартибот органларига оилавий зўравонлик бўйича 100 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Бу сўнгги беш йилга нисбатан уч баробар кўпдир.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тўқаев оиладаги зўравонлик тўғрисидаги қонунни имзолади