14:13 / 15.10.2024
97

“Россия учун ёмон сценарий”. Саудия валиаҳд шаҳзодаси БРИКС саммитига боришдан бош тортди

“Россия учун ёмон сценарий”. Саудия валиаҳд шаҳзодаси БРИКС саммитига боришдан бош тортди
Фото: Reuters
Россиянинг нефть бозорида Кремлнинг асосий ҳамкори бўлган Саудия Арабистони билан муносабатларида “асал ойи” тугаши мумкин. Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон 22-24 октябрь кунлари Қозонда бўлиб ўтадиган БРИКС саммитига ташриф буюриш таклифини қабул қилмади.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров сентябрда “Россия тарихидаги энг муҳим ташқи сиёсий воқеа” сифатида қаралган саммитда Саудия қиролини кўришни хоҳлашини айтганди. Аммо Ар-Риёд рад жавобини берган.

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирини юборади”, деди Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков.

Шаҳзоданинг қарори нима билан боғлиқлигига аниқлик киритилмаган. Аммо Ғарб давлатлари Россиянинг “ҳамкорлари”га босим ўтказаётгани, агар у Қозонга борса, бунинг оқибатлари билан таҳдид қилаётгани айтилмоқда.

Санкцияларга қўшилмаган Саудия Арабистони уруш бошланганидан сўнг ҳам нефть бозорида Кремлнинг асосий иттифоқчиси бўлиб қолди. 2022 йил кузида Жо Байден администрацияси Саудия Арабистонини эмбарго остидаги Россия нефть барреллари ўрнига қазиб олишни кўпайтиришга ундаган бўлса-да, бин Салмон Путин билан иттифоққа содиқ қолди ва аксинча кунлик етказиб беришни 2 миллион баррелга камайтирди.

Мақсад нархни бир баррел учун 100 долларга яқин ушлаб туриш эди. Аммо орадан икки йил ўтиб, Ар-Риёддаги кайфият ўзгара бошлади.

Қироллик бозордаги улушининг пасайишидан хавотирда ва нархларнинг пасайишига узоқ вақт чидашга тўғри келса ҳам, ишлаб чиқаришни кўпайтириш сиёсатига ўтмоқчи”, деди Financial Times’нинг вазият билан таниш манбалари.

Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдул Азиз бин Салмон ОПЕК+ картелига аъзо баъзи давлатлар, хусусан Қозоғистон ва Ироқ, ўз квоталарини бажармаётгани ҳақида маълум қилди. У баррел нархи 50 долларгача тушиб кетиши мумкинлиги билан таҳдид қилди.

Лондон иқтисодиёт мактаби илмий ходими Люк Купернинг таъкидлашича, Россия учун бу эҳтимолий сценарийлардан энг ёмони. Нефть котировкаларининг 2014-2016 йиллар даражасига тушиб кетиши Путинга “унинг ҳарбий машинасини молиялаштириш”ни сезиларли даражада қийинлаштиради.

Саудия Арабистони, Россиядан фарқли ўлароқ, арзон нефтдан осонроқ фойдаланиши мумкин”, деб тушунтиради Купер.

Арабистон чўлидаги конлар абадий музликдаги Сибир конларига қараганда ер юзасига анча яқин, шунинг учун Саудия баррелларининг таннархи пастроқ. Бундан ташқари, Ар-Риёд ишлаб чиқаришни осонгина ва тезда кўпайтириши ва нарх йўқотишларини ҳажмлар орқали қоплаши мумкин, деди у.

Ҳозирда Саудия Арабистони кунига 8,9 миллион баррел нефть қазиб олмоқда, бу 2011 йилдан буён энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Декабрь ойидан бошлаб қироллик ҳар ой бозорга кунига 83 минг баррел қўшиб боради ва 2025 йил декабрь ойи охирига келиб, етказиб беришни кунига 1 миллион баррелга оширади. Financial Times манбаларига кўра, агар ОПЕК+ мамлакатлари белгиланган квоталарга амал қилмаса, қазиб олиш ҳажми бундан ҳам тезроқ ўсиши мумкин.

Россия учун, Ёмон сценарий, Саудия валиаҳд шаҳзодаси, БРИКС саммити

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » “Россия учун ёмон сценарий”. Саудия валиаҳд шаҳзодаси БРИКС саммитига боришдан бош тортди