23:49 / 15.11.2024
5

Алп тоғларида туристлар 280 миллион йиллик қадимий ҳайвонлар изларига дуч келди

Алп тоғларида туристлар 280 миллион йиллик қадимий ҳайвонлар изларига дуч келди
Фото: Museo di Storia Naturale di Milano
Италия Алп тоғларида туристлар ноёб топилма — 280 миллион йиллик қадимий экотизим изларига дуч келди. Бу иқлим ўзгариши оқибатида музликлар эриши туфайли аниқланди, деб хабар беради The Guardian.

Олимларнинг таъкидлашича, топилмалар орасида Перм даврида (298-251 миллион йил олдин) — динозаврлар пайдо бўлишидан олдин яшаган рептилия ва амфибияларнинг яхши сақланиб қолган излари мавжуд.

Қадимий топилмага Клудия Стеффенсен ва унинг турмуш ўртоғи Ломбардия бўйлаб саёҳати давомида дуч келган. Аёл тошдаги ноодатий нақшларга эътибор қаратган. Кейинроқ топилма сурати Миландаги Табиий тарих музейи палеонтологи Кристиано Дал Сассо қўлига тушиб қолган. У эса суратни ҳамкасбларига кўрсатиб, 1,7 минг метр баландликдан топилган излар қадимги йирик рептилияларга тегишли эканини тасдиқлатиб олган.

Фото: Museo di Storia Naturale di Milano
2023 йилнинг ёзида ушбу тоғларда, 3 минг метр баландликда йўлак ҳосил қилган юзлаб шу каби излар топилган эди. Шунингдек, тош қотган ўсимликлар ва уруғлар ҳам аниқланган.

Валтеллина минтақавий боғи президентининг сўзларига кўра, мазкур ҳудудда кўчкилар тез-тез содир бўлиб турсада, излар яхши сақланиб қолган. Ҳозирда топилма жойида тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

Олимлар ушбу топилмани глобал иқлим ўзгаришига боғламоқда. Минтақада музликлар эриши натижасида нафақат қадимий ҳайвонларнинг излари, балки Биринчи жаҳон урушига оид кўплаб артефактлар, шунингдек, аскарларнинг жасадлари ҳам топилмоқда.

Олимларнинг тахминича, 2060 йилга бориб Алп музликларининг 80 фоизи бутунлай йўқолиб кетиши мумкин. Бу эса 30-40 йилдан кейин кучли қурғоқчиликларга олиб келади. 2024 йил сентябрда Швейцария ва Италия музликлар эриши натижасида Алпдаги чегараларини қайта кўриб чиққан эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Алп тоғларида туристлар 280 миллион йиллик қадимий ҳайвонлар изларига дуч келди