Самарқандда аёл 4 кунлик чақалоғини 85 минг долларга сотмоқчи бўлди

Самарқандда эндигина 4 кунлик бўлган ўғлини 85 минг АҚШ долларига сотишга уринган аёлга нисбатан суд ҳукми чиқарилди. Унга 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлса-да, суд жазони шартли қўллаб, аёлга 3 йиллик синов муддати белгилади.
Аниқланишича, 1999 йилда туғилган аёл Самарқанддаги олий таълим муассасаларидан бирининг 5-босқич талабаси бўлган. У 2025 йил ноябрь ойида учинчи фарзандига ҳомиладор бўлган. Турмуш ўртоғи билан келишмовчиликлар сабаб ота-онасининг уйида яшаб келган.
2026 йил июль ойи бошида аёл Телеграмъдаги «Суррогат она» гуруҳига қўшилган. Кўп ўтмай, ўзини гуруҳ администратори сифатида таништирган шахс у билан боғланиб, фарзанд кўришни истаётган ва чақалоқ учун 70–90 минг АҚШ доллари тўлашга тайёр оила борлигини билдирган.
Дастлаб томонлар ўртасида ҳали туғилмаган болани сотиш бўйича келишувга эришилган. Бироқ аёл июль ойида ўғил фарзандли бўлгач, чақалоғини сотиш фикридан қайтган. Шундан сўнг у билан боғланган шахс аёлни интернетда фирибгар сифатида шарманда қилиш билан қўрқитган. Натижада аёл яна келишувга рози бўлган.
2026 йил 25 июль куни аёл Самарқанд шаҳридаги 1-сонли туғруқхонага ётқизилган. 29 июль куни, яъни чақалоқ тўрт кунлик бўлганида, у болани туғруқхонадан олиб чиқиб, харидорлар билан учрашган. Улар чақалоқ учун 85 минг доллар таклиф қилган.
Аёл пулни олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қўлга олинган. Суд ҳужжатларида қайд этилишича, тезкор тадбир давомида жами 88 минг АҚШ доллари ишлатилган. Шундан 85 минг доллари чақалоқ учун келишилган маблағ, қолган 3 минг доллари эса бошқа харажатлар учун мўлжалланган. Ашёвий далиллар орасида ҳақиқий пуллар билан бирга махсус тайёрланган купюралар ҳам бўлган.
Суд мажлисида аёл айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирган. У уч нафар фарзанди борлиги ва оилавий шароитини инобатга олиб, ўзига нисбатан енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди аёлни одам савдосида айбдор деб топиб, Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан унга 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Бироқ суд унинг қарамоғида уч нафар фарзанди борлиги, соғлиғи ёмонлашгани ва қилмишидан пушаймонлигини ҳисобга олган.
Натижада Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан тайинланган жазо шартли деб белгиланган ва аёлга 3 йиллик синов муддати тайинланган. Шу тариқа, у 7 йиллик қамоқ жазосини амалда ўтамасдан, синов муддати давомида озодликда қоладиган бўлди.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…