Туркиянинг Болу музофотидаги Карталкая тоғ-чанғи курортида юз берган кучли ёнғин оқибатида Заҳро Сена Гултекин 13 нафар оила аъзолари билан биргаликда ҳалок бўлди.
Заҳро Сена Гултекин турмуш ўртоғи Билол Гултекин билан тўрт фарзандни тарбиялаб келганлар. Гултекин оиласининг тўртинчи фарзанди асли шинжонлик уйғур қиз бўлиб, эр-хотин уни асраб олган эди.
Turkish Airlines ширкатида фаолият юритган Заҳро Сена мактаб таътили кунлари фарзандлари ҳамда оила аъзолари билан Болу музофотидаги тоғ-чанғи курортига дам олгани боришган. 21 январь тонгида рўй берган мудҳиш ёнғинда Заҳро Сена, унинг турмуш ўртоғи, фарзандлари ва бошқа оила аъзолари олов домида қолишган. Ўлими арафасида аёл онасига қўнғироқ қилиб видолашишга улгуриб қолган.
Заҳро Сена Гултекин ҳамда унинг оила аъзолари жаноза ва дафн этиш маросимида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам қатнашган.
Карталкая тоғ-чанғи курортидаги меҳмонхонада рўй берган ёнғинда 76 киши вафот этган, ўнлаб одам жароҳатланган.
Ёнғин сабабларини ўрганиш бўйича тергов ҳаракатлари бошланган. Расмийлар ҳодиса айбдорлари қонун олдида қатъий жавоб беришини маълум қилган.
Аввал хабар берганимиздек, инсоний йўқотишларга олиб келган ёнғин сабаб Туркияда 22 январь мотам куни деб эълон қилинди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг