Хоманаийнинг жаноза маросимида Дональд Трампга нисбатан кескин чақириқлар янгради

Хоманаийнинг жаноза маросимида Дональд Трампга нисбатан кескин чақириқлар янгради

Али Хоманаий билан видолашув маросими Теҳрон шаҳридаги "Имом Хумайний ал-Мусалла" мажмуасида бўлиб ўтди. Маросимда унинг ўғиллари Мустафо, Майсам ва Масъуд отасининг тобути ортидан жаноза намозида иштирок этган.

Айни пайтда Эроннинг амалдаги олий раҳнамоси бўлиши мумкинлиги айтилган Мужтабо Хоманаий маросимда кўринмаган.

Маълум қилинишича, Али Хоманаий билан бирга унинг оила аъзолари, жумладан, қизи, куёви, келини ва 14 ойлик набираси ҳам дафн этилган.

Жаноза бошланишидан олдин шоир Муҳаммад Расули нутқ сўзлаган. У АҚШ президенти Дональд Трампга нисбатан кескин баёнот бериб, уни ўлдиришни "мажбурият" деб атаган.

Муҳаммад Расули йиғилганларга мурожаат қилиб, "дунёдаги энг ёмон одам" нега ҳалигача тирик эканини сўраган. Унинг чиқиши олдиндан режалаштирилгани ва майдондагиларнинг катта қисми бу гапларни қарсак билан қарши олгани айтилмоқда.

Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Муҳаммад Боқир Зулқадр ҳам маросимда икки асосий шиор янграганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, йиғилганлар душманларга қарши қаршилик ва Эрон раҳнамосининг қони учун қасос талабини илгари сурган.

Асосий жаноза намозини Қум шаҳрилик 97 ёшли оятуллоҳ Жаъфар Субҳоний бошқарган.

Намоз ва тиловатлар Али Хоманаий билан бирга унинг оиласи вакиллари, жумладан, келини Заҳро Ҳаддод Одил ҳамда 14 ойлик набираси Заҳро Муҳаммадий Гулпойгоний руҳига бағишланган.

The Guardian манбаларига кўра, Дональд Трамп маросим иштирокчиларининг кўз ёшларига шубҳа билдирган. У Хоманаийни мамлакат аҳолиси ёмон кўради, деб ўйлаганини айтган ва мотамдаги йиғи "сохта" бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.

Бироқ воқеа жойида ишлаган журналистлар маросим қатнашчиларининг қайғуси самимий бўлганини қайд этган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар