18:53 / 05.02.2025
198

Евроиттифоқ Путин учун трибунал ташкил этиш лойиҳасини тасдиқлади

Евроиттифоқ Путин учун трибунал ташкил этиш лойиҳасини тасдиқлади
Фото: РИА Новости
Европа кенгаши Украинага қарши босқинчилик жинояти бўйича Махсус трибунал ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини келишиб олди, деб хабар беради BBC. Агар трибунал ташкил этилса, у Халқаро жиноий суддан мустақил бўлади.

Босқинчилик жинояти бу — бошқа давлатга қарши уруш очишдан иборат бўлган халқаро жиноятларнинг алоҳида тоифасидир. Можаронинг оддий иштирокчилари ҳам, ҳар икки томоннинг командирлари ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлардан фарқли ўлароқ, босқинчилик жиноятида жавобгарлик фақат ҳужум қилиш тўғрисида қарор қабул қилган мамлакат олий раҳбарияти зиммасига юкланади. Шундай қилиб, трибунал ташкил этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинса, унинг фаолияти биринчи навбатда Владимир Путинга қаратилади.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Путин Украинага ҳужум қилиш тўғрисида қарор қабул қилиб ва унинг суверенитетини бузиб, «босқинчилик жиноятини содир этганига шубҳа қилмаслигини» билдирди. «У бу ҳақида очиқчасига гапирган», — дейди Каллас.

Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ҳам Россиянинг ҳаракати халқаро ҳуқуқни қўпол бузиш эканини таъкидлади: «Россия БМТ низомини бузиб, танкларда Украина чегарасини босиб ўтишга қарор қилганида, у энг оғир жиноятлардан бири — босқинчилик жиноятини содир этди. Энди адолат ўрнатилади. Украина учун адолат».

Трибунал ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ музокараларида иштирок этган «Европейская Правда» манбасининг маълум қилишича, жараён Украина ва Европа кенгаши ўртасидаги икки томонлама келишув асосида ишга туширилади. Шу билан бирга нашр суҳбатдошининг қайд этишича, трибунал аслида Путинга қарши қаратилган.

Таркибида 41 та давлат вакили бўлган ишчи гуруҳ ҳозиргача 13 маротаба учрашув ўтказган. Якуний, 14-учрашув апрел ойида бўлиб ўтиши ва унда Махсус трибунални ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжат имзоланиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил март ойида Халқаро жиноий суд Путинни ҳибсга олишга ордер берганди. Суд Россия президентини ҳарбий жиноятларда, хусусан, Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга мажбуран депортация қилишда гумонламоқда. Путин «ушбу жиноятлар учун бевосита, бошқа шахслар билан биргаликда ёки бошқа шахслар орқали, шунингдек, ушбу ҳаракатларни содир этган фуқаролик ва ҳарбий хизматчилар устидан тегишли назоратни амалга оширмагани учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин».

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг