09:41 / 17.02.2025
288

Юлия Навалная эри номидаги сиёсий мукофот ҳақида эълон қилди

Юлия Навалная эри номидаги сиёсий мукофот ҳақида эълон қилди
Фото: Natalia Smolentseva
16 феврал, якшанба куни, турмуш ўртоғи ва сиёсатчи Алексей Навалний вафотининг бир йиллиги муносабати билан Юлия Навалная унинг номига йиллик мукофот таъсис этилишини эълон қилди. Навалнийнинг беваси Берлиндаги Кайзер Вилгелм мемориал черковида: «Бу ёш сиёсатчилар, оммавий ташаббуслар учун мукофот бўлади», деди. Сиёсатчи хотирасига ҳурмат бажо келтириш учун у ерда 500 га яқин одам йиғилди, деб хабар беради DW мухбири.

2024 йил август ойида Россия ва Ғарб ўртасидаги кенг кўламли маҳбус алмашинуви доирасида Россия қамоқхоналаридан озод этилган сиёсатчилар Иля Яшин ва Андрей Пивоваров черковда навбатда туришди.

Хотира кечасида сўзга чиққан Юлия Навалная ўзининг сиёсий вазифасини «Владимир Путин режими имкон қадар тезроқ тугатилиши»ни таъминлашда кўришини айтди. «Мен қайтишни орзу қиламан», деди у.

Аввалроқ Берлиндаги Россия элчихонаси олдида ўнлаб одамлар урушга қарши митинг ўтказган эди.

Навалний хотирасига бағишланган тадбирлар бутун дунё бўйлаб бўлиб ўтди

Россиянинг кўплаб шаҳарларида ва бошқа мамлакатларда рус мухолифатчиси хотирасига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. Навалний жамоаси томонидан тузилган хориждаги хотира тадбирларининг умумий рўйхати (митинглар, хотира маросимлари, сиёсий маҳбусларга мактублар оқшомлари, «Навалний» фильми намойишлари ва унинг «Патриот» китобини ўқишлар) 44 давлатнинг 146 шаҳрини ўз ичига олади.

Москвада Навалний қабригача бўлган навбат 400 метрдан ошиққа чўзилган, деб хабар берди "Агентство" нашри.

Германия канцлери Олаф Шолц 16 феврал куни мухолифат етакчиси бир йил аввал «Россияда демократия ва эркинликни ҳимоя қилгани учун» вафот этганини айтди. Германия ҳукумати раҳбарининг сўзларига кўра, Россия президенти «эркинлик ва унинг ҳимоячиларига қарши шафқатсиз курашмоқда», аммо Навалнийнинг жасорати «вазиятни ўзгартириб юборди ва ўлимидан кейин ҳам ўз таъсирини кўрсатишда давом этмоқда».

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг