13:22 / 24.02.2025
243

АҚШ ва Россия яширин келишувлар тузмоқдами?

АҚШ ва Россия яширин келишувлар тузмоқдами?
Бу ҳафта Саудияда расман учрашган Вашингтон ва Москва, бундан аввал ҳам яширин музокаралар ўтказгани ҳақида сиздиргилар чиқди. Америкаликлар урушни уруш эмас, “можаро” дейишга ўтди. Трамп Зеленский ҳақида худди Россия пропагандачисидек гапирмоқда. У нодир металлар бўйича Украина билан келишув қилишга бел боғлаган. Ўз навбатида, Европа трансатлантик муносабатларнинг янги даврига тайёрланмоқда. Бу мавзулар Kun.uz'нинг жонли эфирдаги “Геосиёсат” ҳафталигида муҳокама қилинди.

— Трамп сабаб бугун дунё геосиёсатида кескин силкинишлар юз беряпти. Ҳозирги воқеаларга қандай таъриф бериш мумкин?

Камолиддин Раббимов: Ҳақиқатан ҳам етти ухлаб тушга кирмаган ишлар бўляпти. Яъни Доналд Трамп ҳокимиятга келганидан кейин кутилмаганда Американинг анъанавий иттифоқчилари мухолифи бўлиб қолди. Американинг, коллектив Ғарбнинг мухолифи ёки душмани, кейинги уч ёки тўрт йилда "душман", деб ҳужжатларда кўрсатилган давлат Россия Федерацияси, бугун Доналд Трамп маъмурияти учун энг яқин ҳамкор, ва керак бўлса, дўст сифатида кўрилмоқда.

Саудия Арабистонида учрашувлар бўлиб ўтди, Россия ва Америка мулоқоти бошланди. Бу биринчи раунд эди, икки давлат мулозимлари ўртасида кейинги уч ёки тўрт йил ичида бундай юқори даражадаги учрашувлар бўлмаган эди. Бир қанча юқори лавозимли амалдорлар, жумладан Россия ташқи ишлар вазири ва Американинг давлат котиби учрашди. Учрашув натижаларига кўра, Путин ҳеч нарса бермасдан бешта нарсани қўлга киритди.

Биринчиси, Украина НАТОга аъзо бўлмайди. Мюнхен конференциясида Пентагон раҳбари ва вице-президент бу гапни айтган эди. Бу Саудияда ҳам тасдиқланди. Ундан ташқари, унинг сўзларига кўра, “Украина НАТОга кирмайди. Босиб олинган 2014 йилги чегараларга қайтишнинг иложи йўқ. Америка бўлса ёки вазият тақозо қилса, Европа Иттифоқидаги, Европа континентидаги ўзининг ҳарбий базаларини олиб чиқиб кетади. Европа ўзининг хавфсизлигини ўзи таъминлаши керак”, деди.

Кейинги уч йилда Россияга қўлланган санкциялар ҳам ечилиши мумкин, бу нафақат Америка билан бўлган санкциялар, балки Европага ҳам худди шундай босимлар қилиш эҳтимоли бор. Яъни бу Путиннинг тўлиқ ғалабаси. Лекин бу ғалабанинг замирида нима турибди, бунга экспертлар жавоб беролмайди. Чунки Америка дунёнинг биринчи ҳарбий қудрати, иқтисодий қудрати, сиёсий қудрати. Лекин Путиннинг қандайдир кўринмас босим қилиш имконияти ёки номаълум нарса бормикин, бу тушунарсиз ва ғалати. Бундай сюжетларда одатда кучли Ҳолливуд кинолари ишланади. Яъни йўқ жойдан Америка таслим бўляпти.

Тарихда шундай ҳолатлар бўлган. Қудратли бўлган Америка келиб, Россиянинг тўлиқ тарафига ўтяптими, таслим бўляптими? Бу бир қизиқ ҳолат кузатилмоқда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг