
Мигрен — бу сурункали неврологик касаллик бўлиб, одатда бошнинг бир томонида пулс ургани каби оғриқ билан намоён бўлади. Оғриқ бир неча соатдан бир неча кунгача давом этиши мумкин ва кўпинча кўнгил айниши, қусиш, ёруғлик ва шовқинга нисбатан сезгирлик билан бирга кечади. Айрим ҳолларда мигрен олдидан бемор кўриш, эшитиш қобилиятида бир оз ўзгаришларни ҳис қилади.
ЖССТ мигренни инсоннинг нормал ҳаёти энг кўп бузадиган 19 та касаллик рўйхатига киритган. Афсуски, мигреннинг келиб чиқиш сабаблари ҳали тўлиқ аниқланмаган, бироқ стресс, об-ҳаво шароити, очлик, уйқу етишмовчилиги, гормонал ўзгаришлар ва баъзи озиқ-овқатлар уни қўзғатиши мумкин. Қуйида мигрен касаллигини қўзғатиб юборадиган маҳсулотлар рўйхатини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Шоколад
Таркибида кофеин моддаси мавжуд ҳар қандай маҳсулот мигренга чалиниш эҳтимоли бор инсонлар учун хавфлидир. Шоколад таркибига кирувчи фенилетиламин моддаси эса қон томирларини торайтиради. Ирсий жиҳатдан мигренга мойиллиги бор шахсларда бу бош оғриғига сабаб бўлади.
Цитрус мевалари ва банан
Ушбу меваларда бош оғриғига сабаб бўладиган гистамин ва тирамин моддалари мавжуд.
Колбаса, сосиска, ветчина
Бундай ярим тайёр маҳсулотлар таркибида юқори даражада натрий глутамат ҳамда бош мия қаттиқ қобиғидаги қон томирлари кенгайишига олиб келадиган азот оксиди мавжуд.
Ёғли пишлоқлар
Ёғлилик даражаси юқори бўлган пишлоқларда қон томирларини торайтирувчи ва қон босимини оширувчи тирамин мавжуд. Пишлоқ қанчалик узоқ вақт давомида тайёрланган бўлса, унда тирамин шунчалик кўп бўлади.
Спиртли ичимликлар
Одатда, мигренга хос тўсатдан бош оғриғининг вужудга келиши фақат айрим турдаги алкоголь маҳсулотлари таъсирида бўлади, аммо асоси ачитқидан иборат ҳар қандай спиртли ичимлик мигренга олиб келиши мумкин. Шунингдек, сувсизланиш ва асабийлашиш мигренга хос оғриқ ҳужумларининг частотасини оширади.
Бундан ташқари, спиртли ичимликлар глюкоза ишлаб чиқариш учун жавобгар бўлган жигар билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Қондаги қанд миқдорининг пасайиши ҳам ана шундай бош оғриқларига сабаб бўлиши мумкин.
Фото: The Day
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар