
Фото: AFP/Getty Images
АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакатнинг энг бой қатламига қўлланиладиган солиқ ставкасини ошириш ғоясини кескин танқид қилиб чиқди. Унинг айтишича, агар бу қарор қабул қилинса, бадавлат америкаликлар мамлакатни тарк эта бошлайди ва бу иқтисод учун катта зарар бўлади.
«Менимча, бундай қарор иқтисодий жиҳатдан жуда хавфли. Агар солиқлар ошса, миллионерлар мамлакатни ташлаб кетишни бошлайди. Бундай тажрибани бошидан ўтказган бошқа давлатлар кўплаб фуқароларидан маҳрум бўлди. Улар асосан мамлакатга катта солиқларни тўлаб келган одамлардир», – деди Трамп ўз баёнотида.
Айтиш керакки, охирги ҳафталарда АҚШда Республикачилар партиясида айнан бойларга қўлланиладиган солиқ ставкасини ошириш ҳақида баҳс-мунозаралар фаоллашган. Хусусан, йиллик даромади 1 миллион доллардан юқори бўлган фуқаролар учун ҳозирги 37 фоизлик солиқ миқдорини 40 фоизгача кўтариш масаласи кўриб чиқилмоқда.
ОАВ хабарларига кўра, бундай таклиф одатда солиқ ошишига қарши чиқувчи республикачилар учун ғайриоддий ҳисобланади. Аммо бу ғоя бюджетга қўшимча даромад топиш зарурати ҳамда партия сайловчиларининг асосий қисмини ташкил қилувчи ишчи синф томон силжиши билан боғлиқ экани айтилмоқда. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, бой қатлам учун солиқ ставкасини 40 фоизга ошириш яқин келажакда мамлакат бюджетини қўшимча 400 миллиард доллар даромад билан таъминлаши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2 апрел куни Доналд Трамп дунёнинг 180 давлатига нисбатан янги савдо божларини жорий этган эди ва ушбу қарор 9 апрелдан кучга кирганди. Бу қарор натижасида дунёнинг энг бой 10 нафар инсонлари ўз капиталидан 170 миллиард доллардан ортиқ маблағни йўқотган. Бу йўқотишлар қаторида Трампнинг ўзи ҳам бор – унинг шахсий бойлиги 500 миллион долларга камайди. Лекин энг катта зарарни президентнинг асосий маслаҳатчиси ва ҳомийси, миллиардер Илон Маск кўрди.
Ҳозирча солиқларни ошириш масаласи АҚШ сиёсий доираларида қизғин муҳокама қилинмоқда. Трамп эса бу ғоянинг иқтисодий оқибатлари жиддий бўлишидан огоҳлантиришда давом этмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар