Трамп 20 миллиондан ортиқ америкаликка 90 доллардан бир марталик тўлов берилишини эълон қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп 20 миллиондан ортиқ Medicare бенефициарига тиббий суғурта харажатларини қоплашга ёрдам бериш учун 90 доллардан бир марталик тўлов берилишини маълум қилди. Бу ҳақда у Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.
АҚШ Medicare ва Medicaid хизматлари маркази маълум қилишича, тўлов Medicare Part B дастурининг айрим иштирокчиларига октябрь ойида берилади. Кўпчилик маблағни тўғридан-тўғри банк ҳисоб рақамига олади, айрим бенефициарларга эса чек юборилади.
Маблағлар Конгресс томонидан ажратилган, қарийб 2 миллиард долларга эга Medicare Improvement Fund ҳисобидан берилади. Бироқ тўлов барча кекса америкаликларга тегишли эмас: айрим Medicare бенефициарлари, жумладан Medicare Advantage режасидагилар, ундан фойдалана олмайди.
Бу Трампнинг сайловлар олдидан америкаликларга молиявий ёрдам бериш ҳақидаги сўнгги ташаббусларидан бири бўлди. Президент, шунингдек, ноябрь ойидаги оралиқ сайловларда республикачилар Конгрессда назоратни сақлаб қолса, барча катта ёшли америкаликларга 5 минг доллардан бериш режасини илгари сурган. Бироқ бу ҳозирча амалга оширилган тўлов эмас, балки таклиф ҳисобланади.
Трамп маъмурияти шу кунларда яна қарийб 1 миллион америкаликка 500 доллардан Obamacare билан боғлиқ қайтаримларни ҳам юбормоқда. Бу дастур Medicare тўловларидан алоҳида ҳисобланади.






























Изоҳлар 0
…