
Америка Қўшма Штатлари президенти Дональд Трамп 4 июнь куни хавфсизликни таъминлаш мақсадида 12 давлат фуқароларига мамлакатга киришни қатъий тақиқловчи қарорни қабул қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги расмий манбаларига таяниб хабар берди.
Трамп маъмуриятининг баёнотида ушбу чекловлар “хорижий террорчилар ва бошқа хавфли кучлардан мамлакатни муҳофаза қилиш” мақсадида амалга оширилгани таъкидланди.
Қатъий тақиқ қўйилган давлатлар рўйхатига қуйидагилар киради:
• Афғонистон
• Мьянма
• Чад
• Конго
• Экваториал Гвинея
• Эритрея
• Гаити
• Эрон
• Ливия
• Сомали
• Судан
• Яман
Бундан ташқари, яна 7 давлат фуқаролари учун қисман чекловлар жорий қилинди. Улар: Бурунди, Куба, Лаос, Серра-Леоне, Того, Туркманистон ва Венесуэла.
“Биз АҚШга зарар етказиш ниятидаги кимсаларни ҳеч қачон ҳудудимизга қўймаймиз”, — деди Дональд Трамп матбуот анжумани чоғида.
Қарор қачон кучга киради?
Маълум қилинишича, ушбу тақиқ 2025 йил 9 июндан бошлаб амалга киритилади. Бу санагача бериладиган визалар бекор қилинмаслиги қайд этилган. Шунингдек, Трамп рўйхатни вақти-вақти билан қайта кўриб чиқишини ва янги давлатлар ҳам қўшилиши мумкинлигини билдирган.
Президент Трамп Колорадода содир бўлган ҳужумни мисол келтирди
Маълумотларга кўра, 1 июнь куни Колорадо штатидаги Боулдер шаҳрида содир бўлган воқеа ушбу қарор қабул қилинишида муҳим омил бўлган. Ўша куни бир киши исроилпараст намойишчилар тўдасига бензинли бомба улоқтирган. Ҳужумда айбланган шахс — Миср фуқароси Муҳаммад Сабри Солиман бўлиб, у визаси муддати тугаган ҳолда АҚШда яшаб келган ва ишлашга рухсатномаси ҳам янгиланмаган экани аниқланган.
Бу аввал ҳам кузатилган ҳаракатми?
Трамп президентликдаги илк муддатида ҳам шунга ўхшаш чекловлар киритган эди. У 2017 йили 7 та асосан мусулмон аҳолига эга давлат фуқароларига саёҳат тақиқини жорий этган. Бу чеклов 2021 йили Жо Байден томонидан бекор қилинган ва у бундай қарорни “миллий виждонга доғ” деб атаган эди.
2023 йилдаёқ Трамп янги чекловлар ҳақида огоҳлантирганди
Трамп 2023 йил октябрида қилган чиқишида Ғазо сектори, Ливия, Сурия, Сомали, Яман ва хавф туғдирадиган бошқа мамлакатлар фуқароларининг киришини тақиқлаш нияти борлигини маълум қилганди.
Трампнинг навбатдаги қатъий миграция сиёсати АҚШ сиёсатчилар, ҳуқуқ фаоллари ва жаҳон жамоатчилиги орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Унинг хавфсизликни асосий сабаб сифатида кўрсатиши бир томондан тушунарли бўлса-да, бу қарорнинг инсон ҳуқуқлари ва халқаро муносабатларга қандай таъсир қилиши катта қизиқиш билан кузатилмоқда.
Навбатда АҚШга келмоқчи бўлган минглаб инсонларнинг тақдири қандай бўлади — вақт кўрсатади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар