date
views 232

Хитойда янги хавфли вирус аниқланди: пандемия хавфи яқинми?

Хитойда янги хавфли вирус аниқланди: пандемия хавфи яқинми?
Олимлар Хитойда инсонга ўтишга яқин турган янги коронавирус вариантини аниқлашди. Унинг хусусиятлари ва эҳтимолий оқибатлари COVID-19дан ҳам жиддийроқ бўлиши мумкин, деб огоҳлантирмоқда мутахассислар.

The Independent нашрининг ёзишича, америкалик олимлар Хитойда илк бор қайд этилган HKU5-CoV-2 номли янги коронавирус варианти устида олиб борилган тадқиқотлар натижасини эълон қилди. У Яқин Шарқ респиратор синдроми (MERS-CoV) вируси қаторига киради ва ўлим ҳолатлари 34 фоизгача етиши мумкин бўлган хавфли патогенлар оиласига мансуб.

Вашингтон штати университети олимлари раҳбарлигидаги гуруҳ ўтказган тадқиқотда аниқланишича, HKU5-CoV-2 нафақат ҳайвонларга, балки турлар орасида тарқалиш қобилиятига ҳам эга бўлиши мумкин. Бошқача айтганда, у инсон организмига ўтиш учун зарур бўлган босқичда турибди.

Профессор Майкл Летко бошчилигидаги илмий гуруҳ вируснинг спайк оқсилида (ёпишиш тиканчаси) қайд этилган кичик мутация туфайли у инсоннинг оғиз, томоқ ва бурун қисмларида жойлашган ACE2 ҳужайра рецепторларига боғлана олиш қобилиятига яқинлашганини аниқлади.

“HKU5 вируси анча вақт давомида етарли даражада ўрганилмаган эди. Аммо олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, у инсон организмига кириш учун бор-йўғи биргина мутацияга муҳтож”, — дейди профессор Летко.

Ҳозирча вирус фақат кўршапалакларнинг ҳужайраларини зарарлай олади. Бироқ у “муваффақиятли мутация”га учраса, нафақат инсоннинг нафас олиш йўллари, балки ички органлари, жумладан, ичакларда ҳам кўпайиш қобилиятига эга бўлади. Бу эса янги пандемия хавфини юзага келтиради.

Тадқиқот давомида олимлар генетик модификация қилинган псевдовируслардан фойдаланишди. Уларда HKU5нинг спайк оқсили бор эди ва улар ACE2 рецепторларига эга бўлган инсон ва ҳайвон ҳужайраларига юборилди. Маълум мутациялар жорий этилгандан сўнг, вирус инсон ҳужайраларига киришни бошлаган.

Қизиғи шундаки, илгарироқ хитойлик олимлар HKU5 вариантидан бири инсон ACE2 рецепторлари билан боғланиш қобилиятига эга бўлганини қайд этишган. Бу эса вируснинг ҳайвон орқали эмас, тўғридан-тўғри инсонга юқиш эҳтимоли борлигини англатади.

Шу билан бирга, ҳозирча вируснинг инсонлар орасида тарқалаётгани ҳақида тасдиқланган маълумотлар мавжуд эмас. Бироқ олимлар ушбу вирус устида доимий кузатув ва мониторинг ишлари олиб борилиши кераклигини таъкидлашмоқда. Айниқса, Хитойдаги ёввойи ҳайвонлар савдоси билан боғлиқ минтақаларда назорат кучайтирилиши зарур, чунки ана шу жойларда вируснинг инсонга “сакраш хавфи” юқори саналади.

Хулоса қилиб айтганда, HKU5-CoV-2 ҳозирча тўлақонли таҳдид эмас, аммо устида жиддий илмий ва эпидемиологик назорат олиб борилмаса, янги глобал муаммога айланиши мумкин. Олимлар ҳамон ушбу вирусни синчиклаб кузатишда давом этмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитойда янги хавфли вирус аниқланди: пандемия хавфи яқинми?