date
views 245

Исроилдан Эронга кучли ҳужумлар: ядровий марказлар нишонда

Исроилдан Эронга кучли ҳужумлар: ядровий марказлар нишонда
Яқин Шарқдаги тортишув яна янги босқичга кўтарилди. Исроил ҳарбийлари Эрон ҳудудидаги муҳим ҳарбий ва ядровий объектларга кенг кўламли ҳужумлар амалга оширди. Бу ҳақда Исроил ва халқаро оммавий ахборот воситалари хабар тарқатди.

Ҳужумлар Эрон ҳаво макони вақтинча ёпилган бир вақтда амалга оширилди. Исроил армияси матбуот котиби Эфи Дефриннинг баёнотига кўра, ҳарбий амалиётлар энди бошланган ва яқин кунларда давом этади. «Биз бир вақтнинг ўзида ҳам зарба бераяпмиз, ҳам мамлакатимизнинг хавфсизлигини таъминлаяпмиз», — деди у журналистларга. Шу билан бирга, Исроил армияси Эроннинг эҳтимолий жавобларига тўлиқ тайёр эканини ҳам маълум қилди.

Исроилнинг дронлар орқали амалга оширган ҳужумлари Теҳронга яқин жойлашган Табриз шаҳри аэропорти атрофида кескин портлашларга сабаб бўлди. Ҳужумда темир йўл йўналишлари ва ҳарбий ҳаракат учун мўлжалланган йўллар шикастланган. Маҳаллий манбалар ҳаво ҳужумидан мудофаа базалари ҳам зарбага учраганини маълум қилишмоқда.

Бундан ташқари, Исроил авиацияси Форс вилоятининг маркази — Шероз шаҳрига ҳам зарбалар йўллади. Бу ерда Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг штаб-квартираси, баллистик ракета ишлаб чиқариш корхонаси ва катта ўқ-дори омборлари мавжуд. Зарбалар айнан шу объектларга қаратилгани айтилмоқда.

Энг катта шов-шув эса Исфахон вилоятида жойлашган Натанз ядровий маркази билан боғлиқ. AP агентлигининг маълум қилишича, бу иншоотга ҳам яна ҳужум қилинган. Исроил ҳарбийлари буни тасдиқлаган. Зарбалар натижасида марказнинг ер остидаги бойитиш заллари, электр таъминоти ва ёрдамчи инфратузилмаларига жиддий зарар етказилган. Ушбу иншоот 40 метр чуқурликда қурилган бўлиб, 8 метрлик металл-бетон девор билан ҳимояланган.

Эрон расмийлари ҳам Натанздаги объектда муайян шикастлар кузатилганини тасдиқлади. Лекин улар зарар миқдори юзасидан аниқ маълумот беришдан тийилишди. Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) раҳбари Рафаэл Гросси эса ҳужумдан кейин радиация даражасида ўзгариш кузатилмаганини маълум қилди.

Халқаро экспертлар бу амалиётни Яқин Шарқдаги вазиятни янада кескинлаштирувчи қадам сифатида баҳоламоқда. Айниқса, ядровий иншоотларга қилинган ҳужумлар минтақадаги барқарорлик учун жиддий хавф солиши мумкин. Исроил ва Эрон ўртасидаги зиддият янада авж олиши эҳтимоли юқори.

Эрон томони ҳозирча тўғридан-тўғри жавоб қайтармаган, аммо мамлакат мудофаа тизими юқори тайёргарлик ҳолатига келтирилгани айтилмоқда. Ҳар икки давлатнинг жанговор салоҳияти ва минтақадаги таъсир доираси катта бўлгани учун ушбу зиддият халқаро ҳамжамият томонидан ҳам жиддий кузатилмоқда.

Ҳозирча ҳужумлар қанча давом этади, деган савол очиқ қолмоқда. Аммо маълумки, ҳарбий ҳаракатлар энди бошланган ва бу фақат бошланиши, дейишмоқда таҳлилчилар.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроилдан Эронга кучли ҳужумлар: ядровий марказлар нишонда