
Яқин Шарқда кескинлашиб бораётган Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддият янги ва хавфли босқичга кирди. The Wall Street Journal нашри исроиллик юқори мартабали амалдорга таяниб хабар беришича, Исроил ядровий таҳдиддан ҳимоя қилиш мақсадида Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийни ўлдириш имкониятини истисно этмаяпти. Манбанинг айтишича, Оятуллоҳнинг йўқ қилиниши Исроил учун “табу эмас” ва мамлакат хавфсизлиги учун зарур деб топилса, шундай қарор қабул қилиниши мумкин.
Маълумотларга кўра, Исроил ва Эрон ўртасидаги уруш “Теҳрон ўз ядровий дастуридан воз кечмагунча ёки Исроил Эроннинг бу салоҳиятини тўлиқ йўқ қилмагунча” давом этади. Исроил расмийлари ядровий инфратузилмага зарбалар билан чекланиб қолмаслик, балки душманнинг сиёсий ва ҳарбий барқарорлигига ҳам путур етказиш мақсадида ҳаракат қилишмоқда. Бу ҳақида Исроилнинг 12-канали ҳам ҳукуматдаги ўз манбасига таяниб маълумот берган.
Зиддиятнинг келиб чиқиши ва жорий ҳолатига назар ташлайдиган бўлсак, 13 июнга ўтар кечаси Исроил Эрон ядро қуроли яратишга яқинлашгани сабабли ядровий ва ҳарбий объектларга зарбалар берди. Бу ҳаво ҳужумлари натижасида Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг бир неча раҳбарлари, шунингдек, етакчи физик-ядрошунос олимлар ҳалок бўлди. Хусусан, Корпус қўмондони Ҳусайн Саламий, Эрон Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Муҳаммад Бақерий, “Хотам ал-Анбиё” бўлинмаси қўмондони Ғулом Али Рашид, олимлар Фаридун Аббосий Давоний ва Озод Муҳаммад Маҳдий Теҳрончий кабилар қурбонлар қаторида. Жами 78 киши ҳалок бўлган, 320 дан ортиғи турли жароҳат олган.
Исроилнинг бу ҳужумларига жавобан, Эрон олий раҳбари Али Хоманаий бу ҳаракатларни очиқ уруш деб баҳолади. “Урушни улар бошлашди. Биз уларнинг ўша ёвузлигидан кейин омон қолишига йўл қўймаймиз”, — деди Хоманаий ўз мурожаатида. Шу куни кечқурун Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси “Ҳақиқий ваъда-3” жавоб операциясини бошлаганини эълон қилди ва Исроилга уч марта ракетали зарба берди.
Вазият тобора кескинлашиб бораётган бир пайтда, минтақада хавфсизлик ва тинчлик масалалари янада долзарб тус олмоқда. Исроил ядровий таҳдидга қарши қай даражада қатъий чора кўриши мумкинлиги, минтақавий ва глобал оқибатлар нималарга олиб келиши борасида барча халқаро ҳамжамият жиддий кузатувда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар