
Буюк Британия ҳукумати Арктика минтақасида глобал исиш оқибатларини юмшатиш ва музликлар эришини тўхтатиш мақсадида янги, инновацион лойиҳага 13,4 миллион доллар миқдорида маблағ ажратди. Тhe Times нашрининг маълум қилишича, мазкур лойиҳа Истиқболли тадқиқотлар ва ихтиролар агентлиги (ARIA) кўмагида амалга оширилади ва Арктика музликларини сунъий усулда қайта тиклашга қаратилган.
Лойиҳанинг бош мақсади – сувости роботлари ёрдамида Арктика музликларида янги, қалин муз қатламларини яратиш. Бунинг учун мутахассислар Канада Арктика архипелагига кирувчи Виктория оролида тажриба ўтказади. Кембриж университети профессори Шон Фицжералд бошчилигидаги жамоа бир йил аввал дастлабки синовларини амалга оширган эди: улар муздан қор қатламларини тозалаш, тешик очиш ва денгиз сувини юза қисмига чиқариш орқали 50 сантиметргача қалинликдаги янги муз қатламини ҳосил қилишга эришишган.
Эндиликда олимларнинг вазифаси ушбу жараённи кенгайтириш, аниқ илмий маълумотларни йиғиш ва бу технологиянинг экологик таъсирини тўлиқ баҳолашдан иборат. Лойиҳа уч қиш давомида амалга оширилади ва лаборатория тадқиқотлари, моделлаштириш ҳамда дала шароитидаги синовларни ўз ичига олади.
Агар тажриба муваффақиятли ўтса, Арктика музликларини қайта тиклаш учун 500 мингга яқин автоном сув ости роботларидан фойдаланиш режалаштирилган. Ушбу глобал режа йиллик 10 миллиард доллар харажат талаб этади.
Шу билан бирга, геомуҳандислик соҳасидаги бундай радикал ечимларга айрим экологлар ва мутахассислар шубҳа билан қарамоқда. Улар Арктикани “қайта музлатиш” вазиятни енгиллаштириш ўрнига, одамлар ва ҳукуматларни чиқиндиларни қисқартириш бўйича ҳаракатлардан чалғитиб қўйиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.
Қисқаси, Буюк Британиянинг Арктика музликларини сақлаш борасидаги янги лойиҳаси жаҳон жамоатчилиги эътиборини ўзига тортди ва экологик инновацияларга нисбатан янги муҳокамаларга йўл очди. Оламшумул муаммога нисбатан бундай илғор ёндашувлар ижобий натижа бериши ёки янги хавотирларга сабаб бўлиши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар