Туркиянинг Агри вилоятида шифокорлар амалга оширган ғайриоддий тиббий амалиёт кенг жамоатчилик эътиборини тортди. Обсесив-компульсив бузилиш (ОКБ) ташхиси қўйилган 22 ёшли аёл шифохонага мурожаат қилганидан сўнг, унинг ошқозонидан икки дона ручка чиқариб олинди.
Бир ярим соатлик мураккаб операция
Маълумотларга кўра, бемор қалам ютиб юборгани ҳақида хабар қилгач, тиббий гуруҳ тезда операцияга тайёргарлик кўрган. Эндоскопия орқали амалга оширилган жарроҳлик жараёни тахминан бир ярим соат давом этди. Унинг давомида икки дона ручкадан ташқари бир дона қоғошин ва яна бир майда буюм ҳам муваффақиятли олиб ташланган.
Шифокорнинг ҳайратли изоҳи
Операцияни ўтказган шифокор Адем Асланнинг таъкидлашича, улар илгари ҳам турли майда буюмларга дуч келишган, аммо бундай узун ва ингичка нарсалар биринчи марта учраган.
“Беморимизнинг ОКБ хасталиги туфайли турли нарсаларни ютиб юбориш одати бор экан. Жараён муваффақиятли ўтди, бир кун шифохонада кузатувда сақланди ва кейин уйига чиқарилди”, — дея изоҳ берди шифокор.
Психологик муаммонинг оқибати
Мутаҳассислар таъкидлашича, ОКБ билан оғриган беморларда мажбурий ҳаракатлар қайд этилиши мумкин. Айрим ҳолларда бундай ҳолатлар саломатликка жиддий хавф туғдиради. Бу эса беморни нафақат тиббий, балки психологик ёрдам билан ҳам таъминлаш зарурлигини кўрсатади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!