date

Канада, Британия ва Австралия Фаластин давлатини тан олди

Канада, Британия ва Австралия Фаластин давлатини тан олди

Халқаро сиёсий майдонда катта аҳамиятга эга воқеа рўй берди — Канада, Буюк Британия ва Австралия расман Фаластин давлатини тан олишга қарор қилди. Бу ҳақда ушбу мамлакатлар бош вазирлари бир куннинг ўзида билдирган баёнотлари орқали маълум қилдилар.

Канада раҳбари Марк Карнининг сўзларига кўра, Фаластин давлатчилигини эътироф этиш — фақат рамзий қадам эмас, балки икки халқ ўртасида тинч келажакни қуриш йўлидаги муҳим омилдир. Унинг таъкидлашича, Канада бу орқали ҲАМАС ҳаракатини қонунийлаштиришни кўзламаяпти, аксинча, унинг сиёсий саҳнадан четлашишини таъминлайди. Шу билан бирга, у Исроилнинг хавфсизлиги Канада учун устувор мақсадлигини урғулади.

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ҳам ўз мурожаатида Лондоннинг қарорини ошкор этди. Унинг айтишича, бу қадам исроилликлар ва фаластинликлар учун икки давлат ечимига умид уйғотади. Стармер ҲАМАСни «келажаги йўқ террорчи тузилма» деб атади ва яқин ҳафталарда унинг етакчиларига қарши янги санкциялар жорий этилишини маълум қилди.

Австралия бош вазири Энтони Албанезе эса мамлакатининг Фаластинни расман тан олганини эълон қилди. Унинг таъкидлашича, Фаластин маъмурияти келажакда кенг қамровли ислоҳотларни амалга ошириши ва демократик сайловлар ўтказиши шарт. Шу орқали фаластинликлар ўз тақдирини қонуний ва тинч йўл билан ҳал қилиш имкониятига эга бўлади.

Барча баёнотларда умумий бир нуқта бор: ҲАМАС Фаластиннинг келажагида сиёсий рол ўйнамаслиги керак ва гаровга олинган исроилликлар озод қилиниши лозим.

Канада бош вазири Марк Карни қўшимча қилди: Фаластин мухторияти келаси йил халқаро ҳамжамият ёрдамида сайловлар ўтказишга тайёрланмоқда. Шунингдек, давлатни демилитаризация қилиш ва бошқа сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш юзасидан ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Бу эътироф халқаро муносабатларда янги босқични бошлаб бериши мумкин. Кўплаб экспертлар фикрича, Ғарбий қирғоқ ва Ғазодаги сиёсий вазият келгуси ойларда янгича ранг олиши эҳтимолдан холи эмас.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Канада, Британия ва Австралия Фаластин давлатини тан олди