АҚШнинг Аляскасида жойлашган Катмай миллий қўриқхонасида яшовчи Чанк номли жигарранг айиқ мамлакатдаги энг семиз айиқ сифатида эътироф этилди. Бу ҳақда People нашри хабар тарқатди.
Ғолиб 23–30 сентябрь кунлари ўтказилган “Семиз айиқ ҳафталиги” танлови доирасида аниқланди. Ҳар йили Аляскада ташкил этиладиган бу ноодатий мусобақа қиш уйқусига киришдан олдин жигарранг айиқларнинг тана вазнини баҳолашга қаратилган. Оддий ҳолда ёзда эркак айиқнинг оғирлиги 320–400 килони ташкил этса, кузга келиб бу кўрсаткич қарийб 550 килога етади.
Жорий йил танловида 11 та айиқ қатнашди. Ғолиб интернет орқали овоз бериш йўли билан танланди. Чанк 96 362 та овоз тўплаб, 63 729 овоз олган асосий рақиби – 856-рақамли айиқни ортда қолдирди.
Маълумотларга кўра, Чанк 2025 йилда Катмайга чап жағидан жароҳат олган ҳолда келган. Шунга қарамай, у тез орада асосий озуқа манбаи – қизил икрани тутиб ейишга мослашиб кетган.