Аляскада ўзини четга оладиган айиқ «Йил интроверти» деб топилди

Аляскада ўзини четга оладиган айиқ «Йил интроверти» деб топилди

АҚШнинг Аляска штатидаги Тонгасс миллий ўрмонида яшовчи Наггет лақабли қора айиқ ноодатий хулқи учун 2026 йилнинг «Йил интроверти» мукофотига сазовор бўлди. У бошқа айиқлар билан бирга лосось овлашга шошилмайди, кўпинча қоялар орасида яшириниб, четда кутишни афзал кўради. Бу ҳақда РБК Life хабар берди.

АҚШ Ўрмон хизмати ходимларининг кузатувларига кўра, Наггетни мавсум давомида Анан сойининг қуйи шаршаралари яқинидаги қоялар орасида кўп учратиш мумкин. Баъзан у тошлар орасидаги ёриқдан бошини чиқариб, атрофни кузатади. Бошқа пайтларда эса балиқ овлаётган айиқларни четдан кузатиб, ўз навбатини сабр билан кутади.

Наггет бу ҳудудда илк бор 2024 йилда кўрилган. У бошқа айиқларга нисбатан кичикроқ гавдаси ва мавсум давомида ранги ўзгариб турадиган юнги билан ҳам ажралиб туради.

Кузатувчиларнинг айтишича, Наггет дастлаб сой бўйида бошқа айиқлардан қолган озуқа билан озиқланган. Вақт ўтиши билан эса мустақил равишда лосось тутишни ўрганган.

«Йил интроверти» унвони Тонгасс миллий ўрмони ходимлари томонидан Анан ҳудудида яшовчи айиқларга бериладиган махсус мукофотлар туркумига киради. Бу ташаббус орқали мутахассислар ёввойи табиат ва унинг ўзига хос вакилларига жамоатчилик эътиборини қаратмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар