Бугун, 13 октябрь куни дунё диққати яна Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрига қаратилди. Бу ерда Ғазо секторида бир йилдан ортиқ давом этиб келаётган можарони тугатишга қаратилган Тинчлик саммити бўлиб ўтмоқда. Agence France-Presse’нинг дипломатик манбаларга таяниб хабар беришича, тадбир доирасида можарога нуқта қўйишни кўзда тутган муҳим ҳужжат имзоланиши кутилмоқда.
Маълумотларга кўра, келишувни таъминловчи ва унинг бажарилиши учун кафолат берадиган асосий давлатлар сифатида АҚШ, Миср, Қатар ва Туркия иштирок этмоқда. Саммитда 20 дан зиёд давлат раҳбарлари қатнашиши режалаштирилган. Тадбирга Миср президенти Абдел Фаттоҳ ас-Сисий ва АҚШ президенти Доналд Трамп ҳамраислик қилмоқда.
Манбаларнинг таъкидлашича, келишувнинг асосий мақсади — Ғазода тинчлик жараёнини қайта йўлга қўйиш, гаровда бўлганларни озод қилиш ҳамда гуманитар ёрдам миқдорини сезиларли даражада оширишдир. Бу орқали минтақадаги инсонпарварлик инқирозини юмшатиш ва узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш кўзда тутилмоқда.
Шу билан бир вақтда, Исроил ҳукумати ҳам “Ҳамас” билан келишув доирасида гаровга олинганларни озод қилиш жараёнини бошлашини маълум қилди. Расмий вакил Шош Бедросяннинг айтишича, қолган 20 нафар гаровдаги шахс Халқаро Қизил Хоч қўмитасига топширилади. Улар махсус колонна — олти ёки саккизта машина орқали етказилиши режалаштирилган.
“Фаластинлик маҳбуслар гаровдаги шахслар Исроилга қайтганидан сўнг озод қилинади”, — деди Исроил ҳукумати вакили, келишувнинг амалга ошиш тартибини изоҳлар экан.
Дипломатлар бу ҳужжатни Ғазо можароси бошланганидан бери энг катта сиёсий ва инсонпарварлик ютуғи сифатида баҳоламоқда. Агар келишув тўлиқ амалга ошса, бу нафақат минтақада тинчлик йўлидаги муҳим қадам, балки яқин шарқ сиёсий мувозанатида янги босқич бўлиши мумкин.
Халқаро экспертлар ҳам мазкур ташаббусни эҳтиёткорлик билан ижобий баҳолаб, келишувнинг амалий натижалари келгуси ҳафталарда маълум бўлишини таъкидламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!