Қирғизистондан Ўзбекистонга гўшт контрабандаси давом этаётгани айтилди

Қирғизистондан Ўзбекистонга гўшт ноқонуний олиб ўтилаётгани ҳақидаги иддаолар янгради. Бу ҳақда 22 сентябрь куни Қирғизистон Жогорку Кенешининг тегишли қўмитаси йиғилишида депутат Уланбек Жээнбаев маълум қилди.
Йиғилишда Қирғизистоннинг 2025 йилги давлат бюджети ижроси масаласи муҳокама қилинган. Депутат мамлакатда гўшт нархлари пасаймаётгани, аксинча, ошиб бораётганини таъкидлади.
Унинг айтишича, Қирғизистон ёрлиқлари туширилган чорва маҳсулотлари Ўзбекистонда сотилаётгани акс этган видеолар тарқалган. Депутат буни гўшт контрабандаси давом этаётганининг белгиси сифатида баҳолаган.
«Биз Қирғизистон ёрлиқлари бўлган чорва моллари Ўзбекистонда сотилаётгани акс этган видеоларни кўриб турибмиз. Демак, контрабанда давом этмоқда. Гўшт нархини барқарорлаштириш учун чоралар кўриш керак», — деди Уланбек Жээнбаев.
Қайд этилишича, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси гўшт нархини тартибга солиш бўйича қатор чораларни амалга оширмоқда. Шунингдек, Монополияга қарши курашиш қўмитаси гўштнинг бир килограмми учун 770 сом миқдорида нарх белгилаган. Бу тахминан 100 минг сўмга тенг.
Ҳозирча депутат тилга олган Ўзбекистонга гўшт контрабандаси билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан қўшимча расмий маълумотлар келтирилмаган.






























Изоҳлар 0
…