Қора туйнук иккига бўлиниши мумкинми? Олимлар ғайриоддий назарияни ўрганди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Олимлар муайян назарий шароитларда қора туйнукнинг иккига бўлиниши мумкинлигини ҳисоб-китоблар орқали ўрганди.
- Бундай жараённинг амалга ошиши термодинамиканинг иккинчи қонуни ва энтропия чекловлари туфайли жуда мураккаб ҳисобланади.
- Тадқиқотчилар айланиш тезлиги максимал қийматга яқин бўлган қора туйнуклар ёки қўшимча фазовий ўлчамлар мавжуд бўлган назарий моделларни таҳлил қилди.
Олимлар муайян назарий шароитларда қора туйнук иккига бўлиниши мумкинлигини ҳисоб-китоблар орқали ўрганди. Бироқ бундай жараённинг амалда содир бўлиши ҳозирча исботланмаган. Бу ҳақда Naked Science нашри хабар берди.
Одатда, иккита қора туйнук бир-бири билан қўшилиб, битта йирикроқ қора туйнукни ҳосил қилади. Бундай ҳодисалар натижасида юзага келадиган гравитацион тўлқинлар олимлар томонидан қайд этилади. Аммо битта қора туйнукнинг иккига ажралиши анча мураккаб жараён ҳисобланади.
Бунинг асосий сабабларидан бири термодинамиканинг иккинчи қонуни билан боғлиқ. Қора туйнукнинг энтропияси унинг ҳодисалар горизонти майдонига мутаносиб. Оддий, айланмайдиган қора туйнук икки кичик қора туйнукка ажралса, уларнинг умумий энтропияси камайиши мумкин. Бу эса жараённинг амалга ошишини жиддий чеклайди.
Тадқиқотчилар айланиш тезлиги назарий максимумга яқин бўлган қора туйнукларни ҳам ўрганди. Ҳисоб-китобларда бўлакларнинг бир-биридан узоқлашиши, энергия ва импульснинг сақланиши ҳамда энтропия билан боғлиқ шартлар таҳлил қилинди.
Натижаларга кўра, қора туйнукнинг бўлиниши учун зарур шартларни бир вақтнинг ўзида бажариш жуда қийин. Ажралиб чиққан кичик қисм етарли энергияга эга бўлмаса, асосий қора туйнукнинг тортиш кучи таъсирида яна орқага қайтиши мумкин. Тадқиқотда бундай бўлинишга назарий жиҳатдан йўл очилиши мумкин бўлган тор шароитлар, жумладан, айланиш тезлиги максимал қийматга жуда яқин бўлган ҳолатлар кўриб чиқилган.

Олимлар, шунингдек, қўшимча фазовий ўлчамлар мавжуд бўлиши мумкинлигини назарда тутувчи назарияларни ҳам таҳлил қилган. Бундай моделларда қора туйнуксимон тузилмаларнинг бир нечта қисмга ажралиши мумкин. Бироқ қўшимча ўлчамлар мавжудлиги ҳозирча тажрибаларда тасдиқланмаган.
Тадқиқот муаллифларининг фикрича, дастлабки коинотда пайдо бўлган кичик қора туйнуклар бундай жараёнга йирик астрофизик қора туйнукларга қараганда мойилроқ бўлиши мумкин. Келажакда олимлар бундай ҳодисанинг эҳтимолий изларини гамма-нурланиш орқали аниқлаш имкониятини ҳам ўрганмоқда.
Шунга қарамай, ҳозирча бирорта қора туйнукнинг иккига бўлингани кузатилмаган. Тадқиқот қора туйнуклар қандай шароитларда парчаланиши мумкинлигини назарий жиҳатдан ўрганади, холос.






























Изоҳлар 0
…