
Асабни бузувчи контент: rage bait нима?
Ижтимоий тармоқларни кўздан кечирар экансиз, ўзингизни норози ва асабингиз бузилаётганини сезяпсизми? Эҳтимол, сиз Оксфорд инглиз тили луғати 2025 йил сўзи деб тан олган янги тушунча — "ғазабни қўзғатувчи хўрак"га рўбарў келгансиз. Британиянинг дунёга машҳур Оксфорд луғати бу атамани "rage bait" деб номлади. Бу ибора фойдаланувчиларнинг интернетдаги фаоллигини оширишга йўналтирилган манипуляцион усулларни англатади.
Оксфорд луғати ношири Oxford University Press таърифига кўра, "ғазабни қўзғатувчи хўрак" — бу ғазаб ёки норозиликни қўзғатиш, аччиқлантириш, таҳқирлаш ёки кескин мунозарага тортиш учун атайин ишлаб чиқилган интернет мазмунидир. Унинг асосий мақсади — веб-сайтлар ёки ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларнинг ўқувчилар оқимини кўпайтириш. Гарчи ишлаш механизми кликбейтга ўхшаса-да, rage bait'нинг асосий вазифаси фойдаланувчиларда салбий ҳиссиётларни аниқ уйғотишдан иборат. Луғат ношири маълумотларига кўра, сўнгги бир йил ичида бу атамадан фойдаланиш уч баравар ошган.
Ҳис-туйғуларга таъсир: манипуляциянинг янги босқичи
Oxford Languages президенти Каспер Гратвол бу ҳолатни изоҳлар экан, "rage bait" атамасининг мавжудлиги ва тез ўсиши бизнинг интернетда бизнинг устимиздан манипуляция амалга оширилаётганини яхшироқ тушуниб етмоқдамиз деганидир, деб айтди. Унинг таъкидлашича, агар илгари интернет бизнинг қизиқишларимиздан фойдаланиб, эътиборимизни жалб қилишга интилган бўлса, энди у инсоний туйғуларимиз ва жавоб реакцияларимизга таъсир ўтказишга ўтмоқда.
Гратвол сўзларига кўра, бу технология оламида инсон бўлиш ва онлайн маданият чегаралари ҳақидаги давом этаётган суҳбатнинг табиий ривожланишидир.
Икки йил сўзининг муштарак ғояси: ақлий инқироз
Ўтган 2024 йилда Оксфорд луғати йил сўзи сифатида "мия чириши" (brain rot) иборасини танлаган эди. Бу ҳам ижтимоий тармоқлар билан боғлиқ бўлиб, фойдасиз маълумотларни доимий равишда истеъмол қилиш туфайли инсоннинг психологик ҳолати ва билиш қобилиятининг пасайишини англатарди.
Гратвол фикрича, 2024 ва 2025 йилларнинг ғолиб сўзларини умумий ғоя бирлаштиради: "Улар биргаликда кучли айланма ҳаракатни ҳосил қилади, унда ғазаб иштирокни келтириб чиқаради, алгоритмлар уни кучайтиради ва доимий ўзаро таъсир ақлий чарчоққа олиб келади".
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.