«Бошим қотиб қолди, туя сўйиш керак шекилли»: Қосимов «Сурхон» билан ўйиндан сўнг...

«Бошим қотиб қолди, туя сўйиш керак шекилли»: Қосимов «Сурхон» билан ўйиндан сўнг...
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • ОКМК жамоаси «Сурхон» билан ўтказган ўйинда кўп сонли устунликка эга бўлишига қарамасдан гол ура олмади ва 0:0 ҳисобида дуранг қайд этди.
  • Бош мураббий Миржалол Қосимов жамоанинг кетма-кет уч ўйиндан бери гол ура олмаслигидан норози эканлигини билдирди.
  • Унинг айтишича, жамоа кўп вазиятлар яратаётган бўлса-да, якуний нуқтани қўйишда омад ва аниқлик етишмаяпти.

Ўзбекистон Суперлигасининг 19-тури доирасида ўз майдонида Термизнинг «Сурхон» клубини қабул қилган ОКМК жамоаси баҳснинг 17-дақиқасидан бошлаб бир киши кўп бўлиб ҳаракат қилганига қарамасдан, ҳисобни оча олмади ва 0:0 ҳисобидаги дурангга рози бўлди.

Учрашув якунлангач, олмалиқликлар бош мураббийи Миржалол Қосимов матбуот анжуманида иштирок этиб, жамоасининг кетма-кет уч ўйиндан буён давом этаётган гол ура олмаслик муаммоси ва вазиятлардан фойдаланишдаги оқсоқликлар бўйича дилидагини очиқ-ойдин баён этди.

«Вазиятга очко бермайди, голга беради»

ОКМК устози жамоаси жуда кўп ҳужумлар ташкил этаётгани, аммо якуний нуқтани қўйишда омад ва аниқлик етишмаётганини таъкидлади:

«Бу учинчи ўйинки, умуман гол ура олмаяпмиз. Тўғриси, бошим қотиб ётибди. Вазиятларимиз етарлича бор, лекин доим айтаман — футболда яратилган вазиятларга очко берилмайди, урилган голга берилади. „Сурхон“ жуда яхши ҳимояланди, дарвозабони ҳам бошидаёқ қутқарди. Шундан кейин яна иккита қулай имконият бўлди, улардан унумли фойдаланиб, ишни якунлаш керак эди», — деди Қосимов.

Мураббий шогирдларининг шижоати ва ҳаракатига эътирози йўқлигини, футболчилар кўрсатмаларни тўлиқ бажаришга уринаётганини алоҳида қайд этди.

«Учта ўйинда 15 та вазият — туя сўйиб юбориш керакдир»

Миржалол Қўшоқович жамоа яратаётган имкониятлар кўрсаткичига эътибор қаратиб, бундай ноомадлик сериясига ҳазил аралаш чора топиш кераклигини билдирди:

  • 15 та яққол имконият: Мутахассиснинг сўзларига кўра, Суперлигадек мураккаб мусобақада бир жамоа уч учрашув давомида 15 га яқин қулай вазият яратиши камдан-кам учрайдиган ҳолат;

  • Сабр ва меҳнат: «Ҳадеб олдинга ташланганда, рақиб қарши ҳужумда жазолаб кетиши ҳам мумкин эди. Ишлаймиз, бошқа илож йўқ. Энг кераклиси — шижоат бор. Бу меҳнатлар барибир мукофотсиз қолмайди деб ўйлайман. Ҳар бир ишнинг ўз ҳикмати бор»;

  • Мураббийдан ҳазил: «Учта баҳсдан бери гол йўқ. Йигитларга айтарман, туя сўйиб юборишар шекилли, балки шунда дарвозага йўл топилар», — дея қўшимча қилди мураббий.

Мазкур дурангдан сўнг ОКМК ҳисобидаги очколари сонини 29 тага етказиб, турнир жадвалида 5-ўринни сақлаб қолди, аммо ҳужумдаги самарадорликни тиклаш жамоа олдидаги бош вазифа бўлиб қолмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар