Европа АҚШ таҳдидларига қарши чоралар кўришга тайёр

Европа Иттифоқининг бир қатор давлатлари АҚШ президенти Доналд Трампнинг Европа мамлакатларига нисбатан бож тарифларини ошириш ҳақидаги баёнотларини қоралади. Европа етакчилари бу таҳдидлар ҳамкор давлатлар ўртасидаги муносабатларга зарар етказишини ва босим ўтказиш усули эканини таъкидлади.
АҚШ Гренландия билан боғлиқ вазият сабаб Дания, Франция, Германия, Швеция, Нидерландия ва Финляндия, шунингдек Буюк Британия ва Норвегияга нисбатан янги тарифлар жорий этишини маълум қилди. Европа давлатлари Гренландияга юборилган ҳарбийлар фақат хавфсизликни таъминлашга қаратилганини ва ҳеч кимга таҳдид солмаслигини билдирди.
Вазият юзасидан Брюсселда Европа Иттифоқи давлатлари вакиллари иштирокида фавқулодда йиғилиш ўтказилди. Айрим давлатлар АҚШ босимига жавобан иқтисодий чоралар кўриш таклифини илгари сурмоқда. Бу масала ҳозирда Европа доирасида муҳокама қилинмоқда.
Европа етакчилари муаммони мулоқот йўли билан ҳал қилиш тарафдори эканини билдирди. Шу билан бирга, агар босим давом этса, Европа Иттифоқи ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун жавоб чораларини кўришга тайёр эканини маълум қилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!