Жигарранг тухум оқ тухумдан фойдалироқми?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Тухум пўстлоғининг ранги унинг озуқавий қийматига таъсир қилмайди, чунки оқ ва жигарранг тухумлар таркибидаги витамин ҳамда минераллар миқдори деярли бир хилдир.
- Пўстлоқ ранги фақат товуқ зотига боғлиқ бўлиб, жигарранг тухумларнинг қимматроқ сотилиши уларнинг фойдалироқ эканини эмас, балки парваришлаш харажатлари билан боғлиқдир.
- Тухум сариғининг ранги эса товуқнинг озуқа рационига боғлиқ ҳолда ўзгаради.
Тухум харид қилаётганда айримлар жигарранг тухумни оқ тухумдан фойдалироқ деб ҳисоблайди. Аммо мутахассислар маълумотларига кўра, пўстлоқ ранги тухумнинг озуқавий қийматини белгиламайди. Оқ ва жигарранг тухумлар таркибидаги оқсил, витамин ва минераллар миқдори, одатда, бир-бирига яқин бўлади. Уларнинг асосий фарқи товуқнинг зоти билан боғлиқ, деб хабар беради MSN сайти.
Тухум ранги нимага боғлиқ?
Тухум пўстлоғининг ранги уни қўйган товуқнинг зотига боғлиқ. Айрим зотлар оқ пўстлоқли, бошқалари эса жигарранг тухум қўяди. Бошқа зотларда кўкимтир ёки яшилсимон пўстлоқли тухумлар ҳам учрайди.
Шунинг учун жигарранг тухум табиийроқ ёки сифатлироқ, оқ тухум эса камроқ фойдали деган фикр тўғри эмас. Пўстлоқ ранги тухумдаги озуқа моддаларининг миқдори ҳақида ишончли маълумот бермайди.
Нега жигарранг тухум қимматроқ бўлиши мумкин?
Айрим дўконларда жигарранг тухум оқ тухумга қараганда қимматроқ сотилади. Бу унинг фойдалироқ эканини англатмайди. Жигарранг тухум қўядиган товуқлар айрим ҳолларда йирикроқ бўлади ва уларни боқиш учун кўпроқ озуқа талаб этилади. Бу эса ишлаб чиқариш харажатларига таъсир қилиши мумкин.
Сариқликнинг ранги ҳам муҳимми?
Тухум сариғининг оч ёки тўқ сариқ бўлиши ҳам унинг пўстлоғи рангига эмас, асосан товуқнинг озуқасига боғлиқ. Рационида каротиноидларга бой маҳсулотлар кўп бўлган товуқлар тўқроқ сариқликли тухум қўйиши мумкин.
Шунингдек, махсус озуқа билан боқилган товуқларнинг тухумларида омега-3 ёғ кислоталари ёки D витамини кўпроқ бўлиши мумкин. Бундай фарқ пўстлоқ ранги туфайли эмас, балки озуқа таркиби билан боғлиқ.
Тухум танлашда нималарга қараш керак?
Тухум харид қилишда унинг рангига эмас, янгилиги, сақланиш шароити ва пўстлоғининг бутунлигига эътибор бериш керак. Ёрилган тухумларни харид қилмаслик, маҳсулотни тўғри сақлаш ва истеъмол қилишдан олдин яхшилаб пишириш муҳим.
Демак, оқ ва жигарранг тухум ўртасидаги асосий фарқ пўстлоқ рангидир. Қайси бирини танлаш эса харидорнинг хоҳиши ва нархга боғлиқ.































Изоҳлар 0
…