Африкада эркакни дарёда тимсоҳ ғажиб ташлади

Замбияда филлардан қочаётган эркак фожиали ҳодисага дуч келди. “Daily Mail” хабарига кўра, бу воқеа Дин Ниренда исмли фуқаро икки дўсти билан балиқ овлаётган пайтда содир бўлган.
Полиция маълумотларига кўра, улар тўсатдан жаҳлдор филларга рўбарў келиб қолган. Учовлон қочишга тушган, Ниренда эса яшириниш мақсадида дарё ёқинидаги сойга шўнғиган. Маҳаллий полиция вакили Робертсон Мвеембанинг айтишича, айнан шу лаҳзада унга тимсоҳ ташланиб, ўнг сонини тишлаб олган. Шунга қарамай, эркак таёқ билан зарба бериб, тимсоҳдан қутулишга муваффақ бўлган ва сувдан чиқиб олган.
Воқеани соҳилдан кузатиб турган ҳамроҳлари шошилиб етиб келиб, жабрланувчини хавфсиз жойга олиб чиққан. Улар қон кетишни тўхтатишга ҳаракат қилган, бироқ Ниренданинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган. Расмийлар таъкидлашича, Замбияда филлар сони ортиб бориши сабаб одамлар ва ёввойи жониворлар ўртасидаги тўқнашувлар тобора кўпаймоқда. Мутахассислар маълумотларига кўра, Жанубий Луангва миллий боғи орқали оқиб ўтувчи Луангва дарёси Африкада Нил тимсоҳлари энг кўп учрайдиган ҳудудлардан бири ҳисобланади.
Шу боис, Замбия ҳукумати ва табиатни муҳофаза қилиш хизматлари маҳаллий аҳоли ҳамда сайёҳларни ёввойи ҳайвонлар фаоллиги юқори бўлган ҳудудларда доимо алоҳида эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишга чақириб келмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!