“Эл Менчо” жасади қабристонга олтин тобутда олиб келинди

Мексиканинг “Халиско янги авлод картели” раҳбари, “Эл Менчо” лақаби билан танилган Рубен Осегера Сервантеснинг жасади Халиско штати Сапопан муниципалитетидаги қабристонга олтин тобутда олиб келинди, деб El Universal газетаси хабар берди.
Маълум қилинишича, мотам кортежи 2 март куни Халиско штати пойтахти Гвадалахара шаҳридаги дафн маросимлари бюросидан йўлга чиққан. Қабристонга етиб келганда катафалкни оркестр кузатиб боргани қайд этилган.
Дафн маросими ёпиқ тарзда ўтказилган. Нашрга кўра, жасадни ташиш ва дафн қилиш жараёни кучайтирилган хавфсизлик чоралари билан бирга амалга оширилган.
Кортеж йўналиши ҳамда “Ресинто де ла Пас” қабристони ҳудуди федерал ва минтақавий куч тузилмалари ходимлари томонидан қўриқланган. Шунингдек, дафн бюроси олдида ҳарбийлар ва зирҳли техника навбатчилик қилгани айтилган.
Эслатиб ўтамиз, Мексика Миллий мудофаа вазирлиги 22 февраль куни “Халиско янги авлод картели” раҳбари Рубен Осегера Сервантес йўқ қилинганини эълон қилганди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!