Умра сафари олдидан дуо қилаётган 68 ёшли имом вафот этди (видео)

Туркиянинг Конья шаҳрида умра зиёратига отланаётган Абдулла Ўзкан аэропортда дуо қилаётган вақтда тўсатдан ўзини ёмон ҳис қилиб, ерга йиқилган. Шифохонага олиб борилган 68 ёшли эркак шифокорлар саъй-ҳаракатларига қарамай вафот этган. Бу ҳақда TRT Haber хабар берди.
Маълум бўлишича, Абдулла Ўзкан 180 нафарга яқин зиёратчидан иборат гуруҳ билан бирга Конья аэропортига келган. У эҳром кийимида йўловчиларни муқаддас Макка шаҳрига кузатиш олдидан дуо қилган. Дуодан сўнг калимаи тавҳид ва талбия айтиб, Пайғамбаримизга салавот келтира бошлаган. Учинчи салавот вақтида овози пасайиб, олдинга эгилиб йиқилган.
Аэропортдаги тиббиёт ходимлари унга дастлабки ёрдам кўрсатиб, юрак-ўпка реанимациясини ўтказган. Кейинчалик тез ёрдам машинасида Селчук университети тиббиёт факультети шифохонасига олиб борилган, аммо унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

Ҳодиса гувоҳларидан бири, Абдулла Ўзкан билан 15 йилдан бери бирга ишлаган Ислом Гюмушнинг айтишича, марҳумда воқеадан олдин бирор касаллик аломати сезилмаган. Бейшеҳир муфтийси Энес Акташ эса Ўзканнинг умра сафари олдидан эҳромда, дуо ва салавотлар айтаётган вақтда вафот этганини маълум қилган. Унинг ўлим сабаби бўйича тиббий хулоса ҳали эълон қилинмагани ҳам қайд этилган.
Абдулла Ўзканнинг жасади 6 ноябрь куни Бейшеҳир туманидаги Чарши масжидида жума намозидан сўнг ўқилган жаноза намозидан кейин қабристонга дафн этилган.






























Изоҳлар 0
…