Ворис тайинлаш масаласи Эронда ҳануз очиқ қолмоқда

Эрон хавфсизлик билан боғлиқ таҳдидлар сабаб ўлдирилган Олий раҳбар оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ворисини тайинлаш жараёнини ортга сурди. Бу ҳақда The New York Times Эрон расмийларидан бирига таяниб хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, оятуллоҳ Хоманаийнинг ўғли Можтаба Хоманаийнинг эҳтимолий ворис сифатида тилга олиниши ортидан унинг хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирлар янада кучайган. Шу боис Теҳрон бу масалада шошилинч қарор қабул қилишдан тийилаётгани айтилмоқда.
Хабарда қайд этилишича, Исроил мудофаа вазири Исраэл Катс Эрон томонидан Хоманаий ўрнига тайинланадиган ҳар қандай янги раҳбар “нишонга айланиши” мумкинлигини билдирган. АҚШ президенти Доналд Трамп эса Можтаба Хоманаий номзодини мақбул эмас деб атаб, Эронда уйғунлик ва тинчлик олиб келадиган шахсни кўришни исташини айтган.
Эслатиб ўтамиз, 28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудига қарши ҳарбий операцияни бошлагани, шундан сўнг минтақада кескинлик янада кучайгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шу воқеалар фонида Яқин Шарқдаги бир қатор давлатлар ҳаво ҳудудларини вақтинча ёпган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!