Британиялик ёзувчилар сунъий интеллектга қарши "матнсиз" китоб чиқарди

Фото: The Guardian
Буюк Британияда ижодкорлар сунъий интеллект компанияларига нисбатан норозиликнинг жуда кескин, бир қарашда ҳатто “шовқинсиз”, аммо таъсирли йўлини танлади. The Guardian хабарига кўра, 10 мингдан ортиқ ёзувчи ўз асарларидан рухсатсиз фойдаланилаётганига эътироз сифатида матнсиз китоб нашр қилди. Яъни китоб бор — лекин ичида ҳикоя ҳам, роман ҳам йўқ. Фақат битта “мазмун” бор: муаллифлар рўйхати.
Китоб “Don’t steal this book” (“Бу китобни ўғирлама”) деб номланган. Лойиҳада иштирок этганлар орасида кенг оммага таниш телебошловчи ва ёзувчи Ричард Осман, “Болейн сулоласидан яна бири” романи муаллифи Филипп Грегори, шунингдек, адабиёт бўйича Нобел мукофоти соҳиби Кадзуо Ишигуро каби катта номлар ҳам бор.
Китоб нусхалари 10 март куни очилган Лондон китоб ярмаркасига келганларга тарқатилиши айтилмоқда. Лойиҳа ташаббускори — бастакор ва муаллифлик ҳуқуқи ҳимоячиси Эд Нютон-Рекс — бу акция орқали “генератив СИ саноати рухсатсиз ва ҳақ тўланмаган ишлар устига қурилган” деган позицияни очиқ билдирмоқда.
Нютон-Рекснинг фикрича, бу жараён “қурбонсиз жиноят” эмас: генератив СИ инсонлар асарларидан ўрганади, кейин эса ўша ижодкорлар билан рақобатга киришиб, уларни даромад манбасидан маҳрум қилади. Шунинг учун у Британия ҳукуматини маҳаллий ижодкорларни ҳимоя қилишга ҳамда СИ компаниялари томонидан асарлардан рухсатсиз фойдаланишни қонунийлаштириш ғоясидан воз кечишга чақирган.
Бу биринчи “сукут акцияси” эмас. Аввалроқ, 2025 йил феврал ойида мингдан ортиқ мусиқачи Британия ҳукуматининг СИ ишлаб чиқувчиларга муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган асарлардан рухсатсиз фойдаланишни енгиллаштириши мумкин бўлган режаларига қарши овозсиз альбом чиқарганди. Альбом “Is This What We Want?” (“Бу биз хоҳлаган нарсами?”) деб аталган ва ундаги треклар — концерт заллари, студиялардаги сукунат ёки енгил шовқин ёзувларидан иборат бўлган.
Хулоса битта: Британияда ижодкорлар СИ билан курашни “судда ҳам, майдонда ҳам” бошлаяпти — матнсиз китоб ва овозсиз альбом эса бу курашнинг рамзига айланяпти. Бу сигнал оддий: асар — контент эмас, асар — меҳнат. Ижод эса “бепул хомашё” бўлиб қолмаслиги керак.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!