Россия Эронга гуманитар ёрдам юборишни бошлади

Россия Эронга гуманитар ёрдам юбориш ишларини бошлади. Бу ҳақда Россия ТИВ вакили Мария Захарова маълум қилди.
Эрон раҳбарияти кўплаб шифохоналар ва тез ёрдам станциялари вайрон бўлгани, шунингдек яраланганлар сони, жумладан аёллар ва болалар орасида ҳам кўпайгани сабабли дўст давлатлардан ёрдам сўраб мурожаат қилган. Шу доирада Теҳрон Россиядан дори-дармон ва тиббий воситалар етказиб беришни сўради.
Захаровага кўра, Россия президенти кўрсатмаси билан бу ёрдамни жўнатиш ишлари ташкил этилмоқда.
Москва Яқин Шарқдаги можаронинг назоратсиз кенгайиб бораётганидан жиддий хавотир билдирган. Россия томони АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари бутун минтақада вазиятни мураккаблаштирганини таъкидлади.
Маълум қилинишича, жангариларнинг ҳаракатлари Форс кўрфази атрофидаги бир қатор араб давлатлари аҳолисига ҳам оғир гуманитар оқибатлар келтирган.
Россия ТИВ баёнотида экологик ва радиологик фалокат хавфини олдини олиш учун ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва муаммони дипломатик йўл билан ҳал қилиш зарурлиги алоҳида таъкидланган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!