Ҳўрмуз бўғозининг ёпилиши Трамп маъмурияти учун кутилмаган зарба бўлди

CNN телеканали хабарига кўра, Пентагон ҳамда АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши Эрон билан боғлиқ ҳарбий амалиётни режалаштириш жараёнида Теҳроннинг Ҳўрмуз бўғозини ёпиш эҳтимолини етарли даражада баҳоламаган.
Телеканалга маълумот берган бир нечта манбаларга кўра, Доналд Трамп маъмурияти ҳарбий ҳаракатлар бошланиши мумкин бўлган вазиятда иқтисодий оқибатларни ҳам тўлиқ ҳисоблаб чиқмаган. Шу сабаб айрим америкалик амалдорлар юзага келган ҳолатни АҚШ учун “энг ёмон сценарий” деб баҳоламоқда.
Манбаларнинг таъкидлашича, ҳарбий операциянинг турли босқичларини ишлаб чиқиш жараёнида Эроннинг Ҳўрмуз бўғозини ёпиши эҳтимоли бўйича муҳокамалар иккинчи даражали масала сифатида кўрилган.
Вашингтондаги расмий доираларда эса Теҳрон бундай қадам ташлашга тайёр эмас, деган фикр устун бўлган. АҚШ томонининг ҳисоблашича, бўғозни ёпиш Эроннинг ўз иқтисодиётига ҳам жиддий зарар етказиши мумкин эди.
Бироқ вазият ривожи шуни кўрсатмоқдаки, Ҳўрмуз бўғози атрофидаги ҳар қандай кескин қарор нафақат минтақа, балки глобал энергия бозори ва халқаро савдога ҳам сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!