Эрон Ҳўрмуз бўғозида фақат танланган давлатлар учун йўлак очди

Эрон Ҳўрмуз бўғози орқали ҳарбий ва иқтисодий назоратни сақлаб қолган ҳолда, ҳаракатни қисман тиклади. Аммо бу имконият барча мамлакатларга берилган эмас: Теҳрон фақат Россия, Ҳиндистон, Покистон, Ироқ ва Хитой кемаларига бўғоз орқали ўтишга рухсат берган.
Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи маълум қилишича, АҚШ ва Исроилга тегишли кемалар ҳали ҳам ҳаракат қилиш имкониятига эга эмас. Бу Эроннинг Ҳўрмузни стратегик босим ва геосиёсий инструмент сифатида очиқ қўллаётганидан дарак беради.
Бундан аввал халқаро ОАВлар Эрон рўйхатга киритилган давлатлар учун ўтиш ҳақини тўловли қилгани ҳақида хабар тарқатган эди. Шу тариқа, Ҳўрмуз нафақат ҳарбий-сиёсий, балки иқтисодий назорат нуқтасига ҳам айланмоқда.
Шунга қарамай, минтақадаги умумий ҳаракат ҳали тўлиқ тикланмаган. Сўнгги маълумотларга кўра, сўнгги кунларда бўғоз орқали фақат 15 та кема ўтган, ва уларнинг кўпчилиги Эронга тегишли. Бу глобал таъминот занжирларининг ҳали ҳам мутлақ барқарорлашмаганини кўрсатади.
Бу вазият фонда АҚШ президенти Дональд Трамп НАТО давлатларини Ҳўрмуз масаласига жалб қилишга ҳаракат қилмоқда. У илгари ҳам иттифоқдошларни бу минтақада фаол иштирок этмасликда айблаб, акс ҳолда "оғир оқибатлар" бўлиши мумкинлигини огоҳлантирган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!