Чиқинди юклаш вақтида рўй берган портлашда Ўзбекистон фуқороси ҳалок бўлди

Чиқинди юклаш вақтида рўй берган портлашда Ўзбекистон фуқороси ҳалок бўлди
Қисқача

Россиянинг Владикавказ шаҳрида чиқинди юклаш жараёнида содир бўлган портлаш оқибатида 46 ёшли Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Дастлабки тахминларга кўра, фожиа чиқинди ичидаги хавфли буюм сабабли юз берган. Ҳозирда Россия тергов қўмитаси томонидан эҳтиётсизлик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, воқеа сабаблари ўрганилмоқда. Маҳаллий раҳбарият аҳолини хавфли буюмларни оддий чиқинди контейнерларига ташламасликка чақирди.

Россиянинг Владикавказ шаҳрида чиқинди юклаш жараёнида юз берган портлаш оқибатида Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди.

Ҳодиса 17 апрель куни шаҳар марказидаги Интернатсионалная кўчаси ва Партизанский тор кўчаси кесишган ҳудудда содир бўлган. Портлаш вақтида 46 ёшли эркак воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.

Марҳумнинг ҳамкасблари унинг оилали бўлиб, беш нафар фарзанди борлигини маълум қилган.

Ҳозирда ҳудудда тезкор хизматлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари иш олиб бормоқда. Воқеа сабаблари чуқур ўрганилмоқда. Россия тергов қўмитаси томонидан эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабаб бўлиш моддасига асосан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тахминларга кўра, портлаш чиқинди ичида бўлган хавфли ёки портловчи буюм сабаб юзага келган бўлиши мумкин. Махсус хизматлар чиқинди ташувчи техникани текшириб, уни кейинчалик махсус полигонга олиб чиқишни режалаштирмоқда.

Шимолий Осетия–Алания раҳбари Сергей Меняйло аҳолини хавфли буюмларни оддий чиқинди контейнерларига ташламасликка, уларни махсус хизматлар орқали топширишга чақирган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Nigina Zarqarayeva
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар