Аё Софияда Инжил ўқиган россияликлар қўлга олинди

Аё Софияда Инжил ўқиган россияликлар қўлга олинди

Туркиянинг Истанбул шаҳридаги машҳур Аё София масжидида Инжил ўқиган икки нафар Россия фуқароси ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинди. Ҳозирда улар депортация қилиниши мумкин бўлган хорижликлар сақланадиган махсус марказга жойлаштирилган.

Маълум қилинишича, Москвадан таътилга келган 35 ёшли Виктория ва 32 ёшли Игорь 14 июль куни Аё София масжидига ташриф буюрган. Шу ерда Игорь ўзи билан олиб келган Инжил китобини очиб ўқий бошлаган.

Эр-хотиннинг айтишича, шундан сўнг атрофдагилар уларни тўхтатиб, масжид ҳудудидан ташқарига олиб чиққан. Кейин эса улар Фотиҳ тумани полиция бўлимига етказилган.

Истанбул полицияси ушбу ҳолат юзасидан эр-хотин ушланганини тасдиқлади. Уларга расмий баённомада «аҳоли ўртасида адоват ёки душманлик қўзғатиш» гумони билдирилгани қайд этилган.

Россиялик туристларга меҳмонхонага қайтишга рухсат берилмаган. Кейинчалик улар Истанбулнинг Арнавуткўй туманида жойлашган, депортация қилиниши кутилаётган хорижликлар сақланадиган махсус марказга юборилган.

Игорь ўз баёнотида ўзи ва рафиқаси алоҳида сақланаётганини, узоқ вақтдан бери овқатланмаганини ҳамда ўзларини ёмон ҳис қилаётганини маълум қилди.

Россия Ташқи ишлар вазирлигига кўра, мамлакатнинг Истанбулдаги Бош консулхонаси мазкур вазиятни назоратга олган. Дипломатлар ушланган фуқароларнинг адвокати билан алоқа ўрнатган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар