Норвегия — Франция ўйинидан кейин отишма: тўрт киши яраланди

2026 йилги жаҳон чемпионати доирасидаги Норвегия ва Франция миллий жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейин хавотирли ҳодиса содир бўлди.
Франциянинг 4:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган баҳсдан сўнг юзлаб мухлис тўпланган ҳудудда отишма юз берди. Дастлабки маълумотларга кўра, камида тўрт киши ўқдан жароҳат олган.
Учрашув АҚШнинг Массачусетс штати Фоксборо шаҳридаги «Жиллетт» стадионида ўтказилган.
Массачусетс полиция департаменти маълум қилишича, жума куни ярим тунга яқин отишма ҳақида бир нечта чақирув келиб тушган.
«Ҳодиса жойига етиб борган полиция ходимлари Мэйн-стрит ва Парк-стрит кесишмасида камида тўрт нафар фуқарони ўқотар қуролдан жароҳат олган ҳолда топди», — дея полиция баёнотидан иқтибос келтирди ABC News.
Жабрланганларнинг барчаси шифохонага олиб кетилган. Ҳозирча уларнинг аҳволи ҳақида расмий маълумот берилмади.
Шунингдек, отишма билан боғлиқ ҳолда кимдир ҳибсга олингани тўғрисида ҳам хабар йўқ. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар воқеа тафсилотларини ўрганмоқда.
Маълумот учун, 2026 йилги жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Мексика ва Канадада ўтказилмоқда. Амалдаги жаҳон чемпиони — Аргентина миллий жамоаси.































Изоҳлар 0
…