Индонезияда 6,2 магнитудали кучли зилзила содир бўлди

Жума куни Индонезиянинг шарқий қисми соҳиллари яқинида 6,2 магнитудали кучли зилзила содир бўлди. Бу ҳақда АҚШ Геология хизмати (USGS) маълум қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, табиий офат оқибатида жабрланганлар ёки вайронгарчиликлар ҳақида расмий хабарлар келиб тушмаган.
Маълум қилинишича, ер силкиниши маҳаллий вақт билан соат 11:31 да (GMT бўйича 02:31) қайд этилган. Зилзила ўчоғи Шимолий Малуку вилоятидаги Тобело шаҳридан тахминан 58 километр ғарбда, 120 километр чуқурликда жойлашган.
Зилзила эпицентридан тахминан 114 километр узоқликда жойлашган Тернате шаҳрида яшовчи Умар Аббос табиий офат пайтидаги ҳолатни эслаб, кучли қўрқувни бошидан кечирганини айтди.
«Мен йўл бўйидаги қаҳвахонада ўтириб, кофе ичаётган эдим. Бирдан стулим тебрана бошлади. Олдинги зилзилалардан кейин ҳалигача руҳий таъсирдан чиқмаганман, шунинг учун бир лаҳзага саросимага тушдим», деди у AFP агентлигига.
Индонезиянинг Метеорология, климатология ва геофизика агентлиги (BMKG) ушбу зилзиладан кейин цунами хавфи кузатилмаслигини маълум қилди. Шу боис аҳолига қўшимча эвакуация чоралари эълон қилинмаган.
Маълумот учун, Индонезия ва унга қўшни давлатлар Тинч океаннинг машҳур «Олов ҳалқаси» (Ring of Fire) ҳудудида жойлашган. Ушбу геологик минтақа Япониядан Жануби-Шарқий Осиё орқали Тинч океани ҳавзасигача чўзилган бўлиб, ер қобиғидаги тектоник плиталар фаоллиги ва вулқонлар кўплиги сабабли дунёдаги энг сейсмик фаол ҳудудлардан бири ҳисобланади. Шу боис бу ерларда кучли зилзилалар ва вулқон отилишлари тез-тез содир бўлиб туради.






























Изоҳлар 0
…