Эверестда 30 йилдан бери ётган жасад олиб туширилмоқда

Эверест чўққисида алпинистлар орасида «яшил этиклар» номи билан машҳур бўлиб кетган жасадни эвакуация қилиш бўйича тарихий операция бошланмоқда. Қарийб 30 йил давомида 8500 метр баландликда ётган альпинистнинг жасади тажрибали қутқарувчилар ва шерпалар томонидан тоғдан олиб туширилиши режалаштирилган. Бутун операция тахминан 40 кун давом этади.
Жасад Жомолунгманинг шимолий ёнбағридаги «ўлим ҳудуди»да, «Биринчи қадам» бекатидан пастроқда жойлашган. Ёрқин яшил этиклари сабаб у йиллар давомида Эверестга кўтарилувчи алпинистлар учун муҳим мўлжал вазифасини бажариб келган.
Кўп йиллар давомида жасаднинг кимга тегишли экани ҳақида турли тахминлар билдирилган. Бироқ операция олдидан ўтказилган ДНК таҳлили унинг 1996 йилда ҳалок бўлган ҳиндистонлик алпинист Дордже Моруп эканини тасдиқлади.
Моруп 1996 йилда Ҳиндистоннинг Эверестни Тибет томонидан илк бор забт этишга уринган экспедицияси таркибида бўлган. 10 май куни етти нафар алпинист юқорига кўтарилган, аммо 8500 метрда кучли бўрон бошланган. Тўрт киши ортга қайтган бўлса, Моруп ва яна икки нафар ҳамроҳи йўлни давом эттирган. Улар кечқурун чўққига чиққанини хабар қилган, аммо пастга тушишга улгурмай, совуқ ва кислород етишмаслиги оқибатида ҳалок бўлган.
Эртаси куни япон алпинистлари уларни тирик ҳолда учратгани, аммо ёрдам кўрсатмай йўлда давом этгани катта халқаро баҳсларга сабаб бўлган. Кейинчалик айбловлар қайтариб олинган бўлса-да, ушбу воқеа алпинизм тарихидаги энг баҳсли ахлоқий масалалардан бири бўлиб қолган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, 8500 метр баландликдан жасадни эвакуация қилиш дунёдаги энг хавфли операциялардан бири ҳисобланади. Бу баландликда кислород танқислиги, қаттиқ совуқ ва тик қоялар ҳар қандай қутқарув ишини ўта мураккаблаштиради.
Маълумот учун, ҳозир Эверест ёнбағрида 200 га яқин алпинистнинг жасади қолмоқда. Уларнинг аксариятига етиб бориш жуда хавфли ёки жуда қиммат. «Яшил этиклар»ни эвакуация қилиш амалиёти эса 2025 йил охирида бошланган Эверестни тозалаш дастурининг энг муҳим босқичларидан бири сифатида баҳоланмоқда.






























Изоҳлар 0
…