1000 евро маош: Словакия ўзбекистонликларни ишга чақирмоқда

1000 евро маош: Словакия ўзбекистонликларни ишга чақирмоқда

Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлиги Словакияда кара (погрузчик) ҳайдовчиси сифатида ишлаш истагида бўлган Ўзбекистон фуқаролари учун рўйхатдан ўтиш бошланганини маълум қилди.

Агентлик хабарига кўра, ушбу дастур доирасида жами 70 та бўш иш ўрни таклиф этилмоқда. Ишга қабул қилинган номзодларга ойига 1000 евро миқдорида қўлга тегадиган иш ҳақи тўланади. Меҳнат тартиби ҳафтасига 5 иш куни ва кунига 8 соатлик иш режими асосида ташкил этилади.

Танловда 20 ёшдан 45 ёшгача бўлган эркаклар иштирок этиши мумкин. Номзодлардан «B» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси, кара ҳайдаш бўйича камида 6 ойлик иш тажрибаси, шунингдек, рус тилини мулоқот даражасида билиш талаб этилади.

Иш берувчи томонидан ходимларни турар жой билан таъминлаш харажатлари қопланади, шунингдек, улар учун тиббий суғурта ҳам расмийлаштирилади.

Қайд этилишича, ишчи визаси ва авиачипта учун сарфланадиган маблағлар дастлаб номзоднинг ўзи томонидан тўланади. Бироқ фуқаро Словакияда расман ишга жойлашганидан сўнг ушбу харажатлар Миграция агентлиги томонидан компенсация қилиб берилади.

Агентлик маълумотига кўра, рўйхатдан ўтган номзодлар сони 300 нафарга етгач, аризалар қабул қилиш жараёни тўхтатилади.

Қўшимча маълумотларни Миграция агентлигининг 71 202 33 55 телефон рақами (ички рақамлар: 556 ва 906) орқали олиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал ҳам Миграция агентлиги ҳамда Италия Меҳнат ва ижтимоий сиёсат вазирлигининг Sviluppo Lavoro Italia ташкилоти Ўзбекистон фуқароларини Италияда қурилиш соҳасидаги бўш иш ўринларига жалб қилиш бўйича танлов бошланганини маълум қилган эди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар