Киевдаги “Ўзбек палови №1” ресторани ракета ҳужумида вайрон бўлди

Россиянинг Киевга амалга оширган навбатдаги ракета ҳужуми оқибатида пойтахтдаги машҳур “Ўзбек палови №1” ресторани бутунлай вайрон бўлди. Бу ҳақда ресторан маъмурияти маълум қилди.
Қайд этилишича, ресторан Киев шаҳрининг Гарматная кўчасида жойлашган бўлиб, ҳужум оқибатида бино жиддий зарар кўриб, деярли кулга айланган. Хушбахтли ҳолат шундаки, авиаҳужум содир бўлган вақтда ресторан ичида ходимлар бўлмаган. Шу боис ҳодиса оқибатида жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган.
Ресторан маъмурияти мижозларга мурожаат қилиб, муассаса ўз фаолиятини вақтинча Киев шаҳри, Гарматная кўчаси, 1-уй манзилида жойлашган филиали орқали давом эттиришини маълум қилди.
Маълумот ўрнида, бу Украинада ўзбек ошхонаси билан боғлиқ илк фожиали воқеа эмас. 2022 йилда Украинанинг Чугуев шаҳрида маҳаллий аҳолига палов тарқатиб келган 36 ёшли ўзбекистонлик Сардор Ҳакимов Россиянинг ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлган эди. У ҳужум вақтида ертўлада бўлиб, одамлар учун палов тайёрлашга ҳозирлик кўраётган пайтда қурбон бўлган.
Сардор Ҳакимов 2000 йилдан буён Луганск вилоятининг Северодонецк шаҳрида яшаган. Кейинчалик, 2014 йилда Чугуев шаҳрига кўчиб ўтиб, у ерда ўзбек миллий таомлари тайёрланадиган ошхона ҳамда зираворлар дўконини ташкил этган. Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан сўнг у оиласини Ўзбекистонга жўнатган, аммо ўзи Чугуевда қолиб, маҳаллий аҳолига иссиқ овқат тарқатиш ва кўмак бериш ишларини давом эттирган эди.






























Изоҳлар 0
…