Камерунда олтин кони ўпирилиши 107 кишининг умрига зомин бўлди

Камерунда олтин кони ўпирилиши 107 кишининг умрига зомин бўлди

Камерундаги олтин конида юз берган фожиали ўпирилиш оқибатида 107 киши ҳалок бўлди. Ҳодиса 18 август куни мамлакатнинг шарқий қисмидаги Замбуа аҳоли пунктида жойлашган олтин қазиб олиш объектида содир бўлган. Айни пайтда воқеа жойида қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Бу ҳақда маҳаллий аҳолига таяниб, «Cameroun24» хабар берди.

Маълум қилинишича, кондаги ер қатлами тўсатдан ўпирилиб тушган. Ҳодисадан сўнг қутқарувчилар вайроналар ва тупроқ остида қолган одамларни қидиришга киришган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳозирга қадар 100 дан ортиқ одамнинг жасади олиб чиқилган.

«Камерун шарқидаги Замбуа аҳоли пунктидаги олтин қазиб олиш объектида ўпирилиш юз берди. 107 кишининг жасади чиқариб олинди», — дейилади хабарда.

Қидирув-қутқарув операцияси ҳануз давом этмоқда. Шу сабабли вайроналар остида яна одамлар бўлиши эҳтимоли инобатга олинмоқда ва қурбонлар сони яна ортиши мумкин.

Маълумот учун, Замбуа қишлоғи Камеруннинг Марказий Африка Республикаси билан чегараси яқинида жойлашган. Мазкур ҳудудда олтин қазиб олиш ишлари олиб борилади.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар